Logo

“The Gulf Observer”: Ўзбекистонда апрель ойи “Амир Темур ойи” деб эълон қилинди

Февраль 16, 2026. 08:10 • 2 дақ

96
“The Gulf Observer”: Ўзбекистонда апрель ойи “Амир Темур ойи” деб эълон қилинди

ИСЛОМОБОД, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The Gulf Observer” электрон нашрида “Ўзбекистонда апрель ойи Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ойи” деб эълон қилинди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

 Нашрда маълум қилинганидек, Ўзбекистон Президентининг Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Унда ушбу сана нафақат тарихий воқеа, балки миллий ўзликни қайта тиклаш ва бой маънавий ва маданий меросни ўрганишнинг муҳим жараёни сифатида ҳам аҳамияти таъкидланган.

“Қарорга мувофиқ, апрель ойи “Амир Темур ойи” деб эълон қилинди. Бутун мамлакат бўйлаб қатор кенг кўламли таълим, илмий ва маданий тадбирлар, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллий жамоаларда темурийшунос олимлар, ёзувчилар ва маданият арбоблари иштирокида учрашувлар ўтказилади. Ушбу ташаббус доирасида Темурийлар даври тарихини тизимли ўрганишни қўллаб-қувватлаш ва ушбу даврга оид тадқиқот натижаларини кенгроқ тарқатишни рағбатлантириш мақсадида 2030 йилгача бўлган кенг қамровли йўл харитаси тасдиқланди”, – дейилган манбада.

Дастур доирасидаги муҳим тадбирлардан бири – бу 9–10 апрель кунлари Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган “Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги роли ва аҳамияти” номли халқаро илмий конференциядир. Унда турли мамлакатлардан олимлар иштирок этиши кутилмоқда. Бу янги тадқиқотлар муҳокамасини рағбатлантиради ва халқаро академик ҳамкорликни кенгайтиради.

Қарорда, “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси” ва “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-альбомлари яратилади.

“Яна бир муҳим ташаббус Темурийлар даври манбалари электрон платформасини ишлаб чиқиш бўлди. Рақамлаштирилган қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва академик мақолалар кенг аудитория учун очиқ бўлади. Қарорда юбилей тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланган”, – дейилган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш