Қозоғистон 1994 йилдан буён илк бор қишки Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритди
Февраль 14, 2026. 17:25 • 1 дақ
• 76
ОСТОНА, 14 февраль. /“Дунё” АА/. Италияда бўлиб ўтаётган қишки Олимпия ўйинларида қозоғистонлик фигурали учувчи Михаил Шайдоров эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида чемпионликни қўлга киритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Казинформ” халқаро ахборот агентлигига таяниб.
Бу Қозоғистон учун сўнгги 32 йил ичида қишки Олимпиададаги илк олтин медал ва мамлакат тарихида эркаклар ўртасида фигурали учиш бўйича қозонилган биринчи ғалабадир.
Қисқа дастурдан сўнг спортчи бешинчи ўринни эгаллаб турган ва етакчидан қарийб ўн очко ортда қолаётган эди. Бироқ эркин дастурда у бешта тўртталик сакрашни (квад) муваффақиятли бажарди ва дастурни йиқилишларсиз якунлади. Ҳакамлар ижро сифати ва компонентларни юқори баҳоладилар, бу эса умумий натижада биринчи ўринга чиқиш имконини берди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Михаил Шайдоровни қишки Олимпия ўйинлари чемпиони унвони билан табриклаб, юксак маҳорати ва ғалабага бўлган иродаси учун миннатдорлик билдирди. Давлат раҳбари спортчини II даражали «Барис» ордени билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Михаил Шайдоров 2004 йилда Олмаота шаҳрида туғилган. Унинг биринчи мураббийи отаси Станислав Шайдоров бўлган. Михаил 2025 йилги жаҳон чемпионати совриндори ҳисобланади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу сенсацион натижа Қозоғистонда фигурали учиш спортига бўлган қизиқишни янги босқичга олиб чиқади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
