Logo

ЮНЕСКО вакиллари 43-сессиядаги ташаббусларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди

Февраль 16, 2026. 09:45 • 2 дақ

84
ЮНЕСКО вакиллари 43-сессиядаги ташаббусларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди

ПАРИЖ, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси томонидан ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси, Қатарнинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Носир Ҳамад Хинзаб билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ижроия кенгаши ЮНЕСКОнинг раҳбар органларидан бири бўлиб, ташкилотнинг иш дастури ва бюджет сметасига жавобгар, дастурларнинг бажарилишини назорат қилади ва унинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқади.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишдир. Шу билан бирга, ЮНЕСКО доирасида Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раисига Ўзбекистон Президентининг Самарқанд Бош конференциясидаги ташаббусларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тақдим этилди.

Носир Хинзаб Самарқандда тарихий Бош конференция муваффақиятли ташкил этилгани ва юқори савияда ўтказилгани, сессиянинг барча иштирокчиларига кўрсатилган алоҳида меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига самимий миннатдорлик билдирди.

Ижроия кенгаши раиси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандда Бош конференция очилишида сўзлаган нутқи ва билдирган ташаббуслари барча иштирокчиларни тўлқинлантириб юборганини таъкидлади.

Носир Хинзаб ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси сифатида ҳам, Қатарнинг доимий вакили сифатида ҳам ушбу ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистоннинг 19 ноябрни Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш ташаббусини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ижроия кенгаши раиси ушбу ташаббус ЮНЕСКО фаолиятининг энг муҳим ва долзарб йўналишларидан бирига тааллуқли бўлиб, инсониятнинг ҳужжатли меросини ҳимоя қилиш ва асраб-авайлаш масаласини илгари суришга катта ҳисса қўшишини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан ушбу ташаббус ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 2026 йил 8–23 апрель кунлари бўлиб ўтадиган 224-сессиясида бошқа аъзо мамлакатлар томонидан кенг қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Қатар ўртасида ЮНЕСКО доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама платформалардаги юксак даражасини ҳисобга олган ҳолда, томонлар ЮНЕСКО доирасида ташаббус ва номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини мустаҳкамлашдан манфаатдор экани қайд этилди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги фаолияти соҳаларида Қатар томони иштирокида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари, жумладан, Бутунжаҳон мероси объектларининг сақланишини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш