Logo

“The World News”: Темурийлар Уйғониш даври нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётига хизмат қилган

Апрель 14, 2026. 09:00 • 2 дақ

183
“The World News”: Темурийлар Уйғониш даври нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси тараққиётига хизмат қилган

ИСЛОМОБОД, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “The World News” журнали Президент Шавкат Мирзиёевнинг Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрнига бағишланган халқаро илмий конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаати матнини тўлиқ эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, анжуманда дунёнинг турли нуқталаридан таниқли олимлар, профессорлар ва етакчи музейлар раҳбарларининг иштирок этаётгани халқаро ҳамжамиятнинг ўзбек халқининг қадимий меросига бўлган қизиқишидан далолат беради.

Мақолада тадбир ўтказилаётган жойнинг рамзий маъносига алоҳида тўхталиб ўтилган. Форум Ўзбекистоннинг уч минг йиллик ютуқларини ўзида мужассам этган Ислом цивилизацияси марказида, Соҳибқирон таваллудининг 690 йиллиги нишонланаётган кунларда бўлиб ўтмоқда.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида ушбу илмий мулоқот минтақадаги энг ёрқин маърифат босқичларидан бири бўлган Темурийлар Ренессанси моҳиятини чуқур таҳлил қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Шунингдек ўқинг

Нашр Президентнинг XIV асрда Амир Темур асос солган қудратли салтанат инсоният тарихида ўчмас из қолдиргани ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган. Айниқса, Оқсарой пештоқига битилган “Адолат – давлатнинг асоси” деган фалсафий тамойилга алоҳида урғу берилган.

Мақолага кўра, бу ҳикматли сўзлар бугунги кунда ҳам долзарбдир, чунки илм-фан, адабиёт ва санъат фақат тинчлик ҳамда адолат барқарор бўлган муҳитда гуллаб-яшнайди. Темурийлар Уйғониш даври нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон цивилизацияси маданий тараққиётига хизмат қилган омил сифатида эътироф этилган.

“The World News” мақола якунида Ўзбекистонда аждодлар меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлайди. Амир Темур юбилейини нишонлаш тўғрисидаги махсус қарор миллий ўзликни англашни кучайтириш ва ёш авлодни умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши айтиб ўтилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш