Logo

“Diplomatic Society”: Амир Темур мероси ташқи сиёсат ва жаҳон дипломатиясида муҳим аҳамиятга эга

Апрель 12, 2026. 09:15 • 3 дақ

244
“Diplomatic Society”: Амир Темур мероси ташқи сиёсат ва жаҳон дипломатиясида муҳим аҳамиятга эга

ВЕНА, 12 апрель. /“Дунё” АА/. Австриянинг “Diplomatic Society” нашрида “Ислом цивилизацияси марказида Амир Темур мероси: Учинчи Ренессанснинг интеллектуал асоси” сарлавҳали мақола эълон қилинди , деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, 2026 йил 9 апрель куни Ўзбекистонда давлат арбоби, ҳарбий саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси ҳисобланган Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланган.

Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, буюк цивилизациялар интеллектуал ютуқлар, маънавий қадриятлар ва маданий мероснинг уйғунлиги асосига қурилади. Марказий Осиё азалдан илм-фан, санъат ва фалсафа маркази бўлиб, бутун дунёга таъсир кўрсатган цивилизация асосларини шакллантирган.

Бугунги кунда бу салоҳият кенг кўламли лойиҳа ­– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мужассам бўлиб, у нафақат тарихий ёдгорликларни асраб-авайлайди, балки илм-фан, таълим ва маънавий ривожланиш учун жонли майдон вазифасини ҳам ўтайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик ғояси асосида ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази маънавий-маърифий қадриятлар миллий тикланиш ва халқаро ҳамкорлик учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини яққол кўрсатиб, бутун дунёдан тадқиқотчилар, сайёҳлар ва кенг жамоатчиликни жалб қилади.

Нашрда таъкидланишича, Амир Темур буюк давлат арбоби, саркарда ва ўз даврининг энг йирик салтанатларидан бирининг асосчиси сифатида жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутади. XIV аср охири ва XV аср бошлари чуқур сиёсий ўзгаришлар даври бўлиб, шу аснода Амир Темур Ҳиндистондан Ўрта Шарққача бўлган улкан ҳудудларни бирлаштиришга, барқарор бошқарув тизимига эга бўлган қудратли давлатни яратишга муваффақ бўлди.

Шунингдек ўқинг

Унинг сиёсатида дипломатия алоҳида ўрин тутди. Амир Темур Европа мамлакатлари, жумладан, Франция, Англия ва Кастилия билан алоқалар ўрнатган. 1404 йилда Самарқандга ташриф буюрган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо давлатнинг юксак даражада ташкил этилганлиги, ривожланган инфратузилмаси ва чет эл элчиларига кўрсатилаётган ҳурматни қайд этган.

Амир Темур ўз салтанатининг ўзига хос ҳуқуқий асосини ҳам яратди. “Темур тузуклари”га кўра, давлат тўрт устунга таянган: кенгаш, маслаҳат, пухта ўйланган режа ва қатъият. Ишларнинг ўндан тўққиз қисми маслаҳат ва оқилона тадбир билан, ўндан бир қисми эса қилич билан ҳал этиларди. Бу тамойил дипломатия ва ҳуқуқий ечимларнинг ҳарбий кучдан устунлигини акс эттириб, бошқарувда адолат ва қатъият мувозанатини таъкидлайди.

Материалда қайд этилишича, Амир Темур вафотидан сўнг унинг ворислари темурийлар давлат тараққиётини давом эттириб, илм-фан, маданият ва маорифга алоҳида эътибор қаратди. Бу давр Европа Уйғониш даврининг ривожланишини тезлаштирган интеллектуал ва бадиий ҳаётнинг гуллаб-яшнашига гувоҳ бўлгани учун Иккинчи Шарқ Ренессанси деб ном олди.

Темурийлар орасида Мирзо Улуғбек алоҳида ўрин тутади. Мирзо Улуғбек (1394–1449) Темурийлар даврининг атоқли олими, астрономи, математиги ва давлат арбоби, Амир Темурнинг набираси. У умрининг кўп қисмини Самарқандда ўтказди, бу шаҳар унинг ҳукмронлиги остида Шарқнинг йирик илмий марказига айланди.

Улуғбекнинг энг катта ютуқларидан бири XV асрнинг 20 йилларида Улуғбек расадхонасининг қурилиши бўлди. Бу расадхона ўша даврда дунёдаги энг илғорларидан бири ҳисобланган. Бу ерда у олимлар билан биргаликда машҳур “Зижи Султоний” астрономик каталогини тузди. Унда 1000 дан ортиқ юлдузларнинг координаталари аниқланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш