Logo

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди

Апрель 11, 2026. 16:02 • 2 дақ

124
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди

ТОШКЕНТ, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур муҳим илмий-маърифий лойиҳа буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Темурийлар даври хаттотлик мероси – анъаналар давомийлиги” мавзусидаги семинарда эълон қилинди.

Семинар ислом санъати, тарих ва филология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни бирлаштириб, хаттотлик санъатининг маънавий ва маданий аҳамиятини кенг муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.

– Хаттотлик мактаби Ислом цивилизацияси марказида очиш ташаббуси 2025 йил 29 январида муҳтарам Президентимиз томонидан таклиф этилганди. Бир йил ўтгач, ушбу ташаббусни барча халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватлаб, Темурийлар тамаддунига бағишланган конференция доирасида бу лойиҳага старт берилди. Хаттотлик мактабининг ташкил этилиши мамлакатимизда маданий меросни асраш ва тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир, – деди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов тадбир иштирокчиларига йўллаган нутқида.

Қайд этилганидек, Темурийлар даврида хаттотлик санъати юксак тараққиёт чўққисига кўтарилиб, маданий юксалиш рамзига айланган. Олимлар тақдим этган маълумотларга кўра, Амир Темур марказлашган давлат барпо этгач, турли ўлкалардан энг моҳир хаттотларни пойтахтга жамлаган. Сулс, настаълиқ ва куфий хат турлари ўзининг чўққисига чиқди. “Бойсунғур Қуръони” номи билан машҳур бўлган қўлёзма нусхалар битилди.

Халқаро экспертлар ушбу ташаббусни юқори баҳолади. Жумладан, IRCICA бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотлигининг жаҳон маданиятидаги ўрни, унинг юксак эстетик ва маънавий қиймати ҳақида фикр билдирди. Туркия Қўлёзма асарлар бошқармаси раиси Жўшқин Йилмаз Сулеймания кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ эканини таъкидлади. Буюк Британиядаги “Al-Furqan Islamic Heritage Foundation” директори Сали Шахсувари эса Темурийлар даврини ҳақиқий маърифий ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.

Таъкидланишича, Хаттотлик мактаби нафақат таълим муассасаси, балки илмий-тадқиқот ва маданий марказ сифатида фаолият юритади. Унинг доирасида мутахассислар тайёрлаш, қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш