Logo

Амир Темур мероси бўйича халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллаб, Буюк Темурийлар меросини янада ўрганиш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилдилар

92
Амир Темур мероси бўйича халқаро конференция иштирокчилари Ўзбекистон Президентига мурожаат йўллаб, Буюк Темурийлар меросини янада ўрганиш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилдилар

ТОШКЕНТ, 12 апрель. / “Дунё” АА/.  Ўзбекистон Амир Темур меросини ўрганиш бўйича глобал марказга айлангани буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция якунлари билан яна бир бор ўз тасдиғини топди. 25 мамлакатдан ташриф буюрган 300 дан ортиқ эксперт Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига жамоавий мурожаат йўлладилар. Унда давлат раҳбарига нуфузли форумни юксак халқаро даражада ташкил этгани учун чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлик изҳор этилди. Иштирокчилар конференция Буюк Темурийлар даври меросини ҳар томонлама ўрганиш, англаш ва тарғиб қилишга хизмат қилувчи муҳим глобал майдонга айланганини алоҳида таъкидладилар.

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтган форум илмий жамоатчилик, халқаро ташкилотлар ҳамда маданий муассасалар вакилларини бирлаштирди. Ялпи ва шўба йиғилишлари доирасида 200 дан ортиқ илмий маъруза тақдим этилди. Улар Темурийлар давридаги давлат бошқарув ва дипломатиядан тортиб, илм-фан, санъат, меъморчилик ҳамда маданий сиёсатгача бўлган кенг қамровли мавзуларни ўз ичига олди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг конференция қатнашчиларига йўллаган мурожаатида илгари сурилган ғоялар келгуси тадқиқотлар учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд этдилар. Жумладан, Темурийлар давридаги Иккинчи Ренессансни ўрганиш ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссасини чуқур таҳлил қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Президент номига йўлланган мурожаатда Амир Темур ва Буюк Темурийлар сулоласи мероси жаҳон тарихи ажралмас қисми экани таъкидланди. Шунингдек, Соҳибқироннинг давлатчилик тафаккури, илм-фан, маданият, шаҳарсозлик, дипломатияга бўлган эътибори ҳамда адолатли бошқарув тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб қолаётгани қайд этилди.

Конференция якунларига кўра, халқаро иштирокчилар Темурийлар меросини ўрганишнинг янги босқичига қаратилган амалий ташаббуслар пакетини тақдим этдилар. Энг муҳим натижа сифатида халқаро «йўл харитаси» қабул қилинди. Унда даврни комплекс ўрганиш, илмий дастурларни кенгайтириш, фанлараро ёндашувларни ривожлантириш, шунингдек, қўлёзма, архив ва музей меросини сақлаш, реставрация қилиш ва рақамлаштириш ишларини кучайтириш назарда тутилган. Шу билан бирга, ёшларда тарихий меросга ҳурмат туйғусини шакллантиришга қаратилган таълим дастурларини модернизация қилиш, Буюк Темурийлар даври маданий объектларини халқаро майдонда тарғиб этиш ҳамда ёш тадқиқотчиларни грантлар, илмий лойиҳалар ва академик ташаббуслар орқали тизимли қўллаб-қувватлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти иштирокидаги қўшма лойиҳаларни кенгайтириш муҳим вазифа сифатида қайд этилди.

Хорижий меҳмонлар чиқишларида Янги Ўзбекистонда тарихий-маданий

меросни асраш ва тарғиб қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларига алоҳида урғу берилди. Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳан Аҳмад Низомий шундай таъкидлади: «Яқинда қайта таъмирланган Темурийлар музейига ташриф бизда жуда катта таассурот қолдирди. Экспозициянинг юқори даражадаги ечими, мазмунан чуқурлиги ва тарихий ҳаққонийликка берилган эътибор меросни асрашга жиддий ва тизимли ёндашувни кўрсатади. Ушбу муҳим

лойиҳа учун Президент Шавкат Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдираман».

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам халқаро даражада юксак

Шунингдек ўқинг

баҳоланди ва глобал миқёсдаги нуфузли илмий-маърифий платформа сифатида эътироф этилди. Лондон университет коллежи Археология институти лойиҳаси раҳбари, доктор Миляна Радивоевич таъкидлаганидек, Марказ қисқа вақт ичида катта ўзгаришларни бошдан кечириб, бугун замонавий музей ва илмий маконнинг энг ёрқин намунасига

айланди:

«Ўтган йил май ойида бу ерда бўлганимда, у ҳали шаклланиш босқичида эди. Бугун эса олдимизда ўз кўлами, мазмунан чуқурлиги ва визуал жозибаси билан ҳайратга солувчи тўлиқ амалга оширилган лойиҳа турибди. Энг муҳими, Марказ фақат экспозиция билан чекланиб қолмай, тадқиқот, таълим ва билимларни оммалаштиришни бирлаштирган яхлит илмий-маърифий экотизимни шакллантирмоқда».

Маданий дастур доирасида иштирокчилар Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Имом Бухорийга бағишланган янги йирик мажмуа ва инновацион музей билан танишдилар. Мазкур объект халқаро экспертлар томонидан маънавий меросни замонавий талқинда намоён этувчи, илмий аниқлик, меъморий ифода ва илғор музей технологияларини уйғунлаштирган намуна сифатида юқори баҳоланди. Таъкидланганидек, Самарқандда амалга оширилган ушбу лойиҳа ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида янги глобал стандартларни белгиламоқда.

«Ал-Фурқон» фонди директори Сали Шахсивари шундай деди: «Бугун Ўзбекистонда исломий меросни асраш ва ривожлантириш масалаларига давлат даражасида устувор аҳамият берилмоқда. Президент ташаббуси билан барпо этилган Имом Бухорий каби замонавий ва пухта ўйланган мажмуалар буюк маънавий меросга бўлган чуқур ҳурматни намоён этиб, уни илмий жиҳатдан ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш учун янги имкониятлар очмоқда. Бу миллий маданий меросни глобал илмий ва таълимий маконга интеграция қилиш йўлидаги муҳим қадамдир».

Конференция Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кенг қамровли халқаро тадбирлар доирасида ташкил этилди ва унинг меросини замонавий илмий ва маданий макондаги ўрнини муҳокама қилиш учун мутахассисларни бирлаштирди. Иштирокчилар Ўзбекистонда илм-фан, маданият ва тарихий меросни асраш соҳаларида амалга оширилаётган

ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан тобора катта қизиқиш ва эътирофга сазовор бўлаётганини таъкидладилар, бу эса илмий алмашинув ва ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.

Туркий маданият ва мерос халқаро жамғармаси раҳбари Ақтўти Раимқулова таъкидлаганидек: «Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази бугун муҳим илмий ва маънавий марказлардан бирига айланди. Амир Темур ва Темурийлар давридаги Иккинчи Ренессансга бағишланган экспозициялар мазмунан чуқурлиги ва юксак бадиий савияси билан ажралиб туради».

ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ҳам мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо бериб, шундай таъкидлади: «Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бугун илмий тадқиқотлар фаоллашмоқда, янги асарлар нашр этилмоқда, замонавий маданий-илмий инфратузилма шакллантирилмоқда. Мамлакатда барпо этилаётган институт ва лойиҳалар бугуннинг ўзидаёқ ноёб бўлиб, амалга оширилаётган жараёнлар кўлами Учинчи Ренессанснинг исботи сифатида баҳоланиши мумкин».

Якунда иштирокчилар Амир Темур ва Буюк Темурийлар сулоласи меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар янги сифат босқичига кўтарилишига, халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳамда жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига салмоқли ҳисса қўшишига қатъий ишонч билдирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш