Logo

Венгриялик тадқиқотчилар Амир Темур ва Темурийлар даври дунёсини кашф этмоқда

Март 18, 2026. 08:10 • 2 дақ

275
Венгриялик тадқиқотчилар Амир Темур ва Темурийлар даври дунёсини кашф этмоқда

БУДАПЕШТ, 18 март. /“Дунё” АА/. Венгрияда Амир Темур ва Темурийлар даврининг бой маданий-тарихий ҳамда илмий меросига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу мамлакатда Марказий Осиё тарихи, маданияти ва илмий ютуқлари ҳақидаги билимларга бўлган қизиқишнинг юксалаётганини, шунингдек, гуманитар тадқиқотлар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагини ифодалайди.

2026 йил давомида Будапештда буюк саркарда, давлат арбоби, илм-фан ва санъат ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган туркум илмий-маданий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Энг муҳим воқеалардан бири — 2026 йилда Будапештда бўлиб ўтадиган “Амир Темур ва Темурийлар: тарих ва ушбу даврнинг Марказий Осиё илм-фани ҳамда маданияти ривожига таъсири” номли халқаро конференциядир. Ушбу анжуман икки мамлакат олимлари учун мулоқот майдонига айланиб, Темурийларнинг минтақа маданий ва илмий қиёфасини шакллантиришдаги ўрни бўйича илғор тадқиқотлар алмашиш имконини беради.

2026 йилнинг март ойида Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ва Венгрия Фанлар академияси Этнология институти катта илмий ходими Давид Шомфай Кара ўртасида онлайн-музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари келишиб олинди.

Бундан ташқари, венгриялик тадқиқотчи Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур асари — “Бобурнома”нинг биринчи бобини венгер тилига таржима қилишни якунлади. Режага кўра, 2026 йилнинг апрель ойида у Бобур ҳаёти ва фаолиятида муҳим ўрин тутган Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига сафар қилади. Саёҳат давомида тадқиқотчи китобнинг венгер тилидаги нашрини европалик китобхонлар учун имкон қадар кўргазмали ва тушунарли қилиш мақсадида тарихий обида ва объектларни суратга олишни режалаштирган. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаш ва уни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Томонлар ўзбек-венгер илмий ва маданий ҳамкорлигини, жумладан, қўшма нашриёт лойиҳалари, тадқиқотлар, таълим дастурлари ва Марказий Осиё маданий меросини ўрганишга бағишланган тадбирларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш