Фарғона, Андижон ва Навоий вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти "Салом Ўш – 2025" II халқаро туризм кўргазмасида тақдим этилди
Июнь 08, 2025. 12:04 • 2 дақ
• 107
ЎШ, 8 июнь. /"Дунё" АА/. Жорий йилнинг 3-4 июнь кунлари Ўш шаҳрида "Салом Ўш – 2025" II халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Кўргазмада Ўзбекистон Германия, Хитой, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон туризм соҳаси вакиллари ва туроператорлар иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан Фарғона ва Навоий вилоятлари ҳокимлари туризм масалалари бўйича ўринбосарлари Хуршид Ахмедов ва Саъдулла Мирзаев, Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари Анварбек Хашимов бошчилигидаги Андижон вилояти вакиллари ўрин олди.
Тадбир доирасида Фарғона вилояти "Mingboshi Ceramix" оилавий ва "Silk Vats" хусусий корхоналари томонидан миллий кулолчилик маҳсулотлари ва ипак матолардан ишлаб чиқарилган кийим-кечак, аксессуарлардан иборат учта махсус стенд ташкил этилди. Юртимиз стендлари ташкилотчилар, иштирокчилар ва кўргазмага ташриф буюрган аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотди.
Куннинг иккинчи ярмида Ош давлат университетида Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирокида халқаро туризм форуми бўлиб ўтди.
Иштирокчилар эътиборига Фарғона ва Навоий вилоятларининг сайёҳлик салоҳияти, республикамизда соҳага кўрсатилаётган эътибор, олиб борилаётган тизимли фаолият ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди, шунингдек, ушбу мавзудаги видеороликлар намойиш этилди.
Тадбир доирасида Навоий вилояти ҳокимлиги ва Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили аппарати ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Ҳунармандлар уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси, "Mingboshi Ceramix" оилавий корхонаси ва қирғизистонлик ҳунармандлар ўртасида мулоқот ташкил этилди. Унда Қирғизистон жанубий вилоятларида кулолчилик соҳаси фаолиятини тиклаш, Ўш шаҳрида Ўзбекистон ҳунармандлари маҳсулотлари шоу-румини ташкил этиш ва унинг қошида кулолчилик мактабини очиш, Қирғизистон ўзбеклари ёш авлод вакилларини Риштон кулолчилик марказига ҳунар ўрганиш ва малакаларини ошириш учун юбориш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида ушбу ташаббус ташкилий масалаларини ҳал этиш учун икки мамлакатнинг тегишли идоралари билан учрашувлар ташкил этиш ҳақида келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўш шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ва унинг номи билан аталган шоҳкўча очилди
АДПИ педагоглари Қирғиз–ўзбек халқаро университети фаолияти билан танишди
Марказий Осиё давлатлари коррупцияга қарши курашда минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда