Ўзбекистон ва БАА ўртасида илк бор Консуллик қўмитаси ташкил этилди
Июль 09, 2026. 18:30 • 3 дақ
• 46ТОШКЕНТ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон ва БАА Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида илк маротаба консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича биринчи консуллик маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур мулоқот икки мамлакат ўртасидаги консуллик-ҳуқуқий соҳада ҳамкорликни янги йўналишларда бойитиш, амалий механизмларни кучайтириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилди.
Учрашувда БАА ташқи ишлар вазирининг консуллик ишлари бўйича ёрдамчиси Файсал Иса Али Хусайн Лутфи бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасида Консуллик қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон ва БАА ўртасида консуллик соҳасидаги ҳамкорликни тизимли равишда ривожлантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Маслаҳатлашувларнинг асосий йўналишларидан бири — Консуллик соҳасида фуқароларга кўрсатиладиган рақамли хизматлар ва замонавий технологиялар шу жумладан сунъий интеллект технологияларини жорий этиш соҳаларида амирликлар илғор тажрибасини мамлакатимиз консуллик хизматига татбиқ қилиш.
Суҳбат жараёнида Ўзбекистон фуқаролари учун БААнинг “UAE Fast Track” ва “E-Gates” тизимларидан бепул фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Ушбу тизимлар фуқароларимиз учун чегара назоратидан ўтиш жараёнларини тезлаштириш, сафарлар хавфсизлигини, қулайлигини ошириш ва замонавий рақамли хизматлардан фойдаланиш имконини беради.
Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам музокараларнинг муҳим қисми бўлди. Иштирокчилар Ўзбекистон ва БАА ҳудудларида бўлиб турган икки мамлакат фуқароларига оид маълумотлар алмашинувини тезлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга келишиб олдилар.
Мулоқотда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида БААнинг йирик иш берувчилари иштирокида “Work in UAE” меҳнат ярмаркаларини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Ташаббус Ўзбекистон фуқаролари учун БАА меҳнат бозорида қонуний ва муносиб иш ўринларини топиш имкониятларини кенгайтириш, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда меҳнат миграциясини тартибли ташкил этишга хизмат қилади.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги биринчи консуллик маслаҳатлашувлари икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини белгилаб берди. Эришилган келишувлар нафақат давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиради, балки икки мамлакат фуқаролари учун қулайликлар яратиш, рақамли хизматларни ривожлантириш ва меҳнат миграцияси соҳасида янги имкониятларни очишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


