Кўҳна Бухорода Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Май 14, 2026. 17:55 • 5 дақ

21
Кўҳна Бухорода Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Кўҳна Бухорода Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 14 май. /“Дунё” АА/. Кеча Бухоро шаҳрида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон масъул раҳбарлари, шу жумладан, Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркманистон парламентлари раҳбарлари, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон парламентлари раҳбарларининг ўринбосарлари иштирок этмоқда. Мажлисда, шунингдек, БМТнинг ихтисослашган тузилмалари, хусусан, Превентив дипломатия маркази ва “БМТ-аёллар” ташкилоти вакиллари ҳам қатнашди.

Маълумки, 2020 йил декабрь ойида ушбу платформага минтақа хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ролини ошириш ҳамда имкониятларини кенгайтириш мақсадида норасмий минтақавий платформа сифатида Ўзбекистон ташаббуси билан асос солинган. 

Ўзбекистон ушбу мулоқотга 2021 йилда раислик қилган. Қисқа вақт ичида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти гендер тенглик ва барқарор ривожланишни илгари суриш, минтақадаги аёллар ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга содиқ бўлган аёлларнинг муҳим норасмий коалицияси сифатида ўзини намоён қилди.

Мулоқот ташкил этилганидан бери бир қатор учрашувлар ўтказилди ва гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш билан боғлиқ кўплаб долзарб масалалар, шунингдек, бу йўналишда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Бу йил Ўзбекистон яна бир бор мулоқотга раислик қилмоқда. Озарбайжоннинг бу йил мулоқотга қўшилиши минтақавий бирликни янада мустаҳкамлайди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиради.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева очиб берди. Сенат Раиси ўз нутқида минтақада хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқарувидаги ролини кучайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мулоқот доирасида аёллар бирдамлиги минтақадаги аёлларнинг барча интеграция ва давлатлараро ҳамкорлик жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириб, мамлакатлар тараққиётига тобора муҳим ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотининг бу галги мажлисида аёлларнинг илм-фандаги етакчилиги, ҳозирги замон таҳдидлари, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Делегация раҳбарлари, шунингдек, илмий ва эксперт ҳамжамияти вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари кун тартибидаги масалалар муҳокамасида иштирок этди. Улар ўз чиқишларида бу йилги мулоқот фаолиятининг келгусидаги мақсад ва вазифалари хусусида ўз фикрларини билдиришди.

Мулоқот иштирокчилари платформа доирасида ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Шу куннинг ўзида Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқоти доирасида “Илм-фанда аёллар етакчилиги: ҳозирги замон таҳдидлари, инновацион ечимлар ва илмий ҳамкорлик” мавзусида олима аёллар форуми бўлиб ўтди.

Форум алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди. Бу улкан интеллектуал салоҳият, тарихий яқинлик ва умумий келажак маконидир. Минтақа мамлакатларини Буюк Ипак йўли анъаналари, умумий таҳдидлар ва барқарор ривожланишга интилиш бирлаштиради.

Шунингдек ўқинг

Сўзга чиққанлар Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари кун тартибида илм-фанни, инновацион технологияларни, сунъий интеллектни ривожлантириш масалалари ҳам мунтазам равишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш учун аёлларнинг тадқиқотчилар, новаторлар ва илмий тараққиёт етакчилари сифатидаги алоҳида роли ортиб бормоқда.

Бугун дунё улкан таҳдидларга, жумладан иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, шиддат билан кечаётган рақамли трансформация ва соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа соҳалардаги янги таҳдидларга дуч келмоқда. Шубҳасиз, ушбу мураккаб муаммоларни илмий тадқиқотлар ва инновацион ёндашувларсиз, шунингдек, юқори малакали кадрларни тайёрламай туриб ҳал қилиб бўлмайди.

Форум Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ўртасида илмий ҳамкорлик ва мулоқот учун барқарор платформа яратиш, тажриба алмашиш, ҳамкорликдаги тадқиқотларни ва инновацион лойиҳаларни ривожлантиришга ҳамда илм-фан соҳасидаги аёлларнинг етакчилик салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган умумий ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида илмий ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон олима аёллари ҳамда халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирди.

Сўзга чиққанлар бугунги шароитда минтақа мамлакатлари илм-фанни ривожлантириш, инновацияларни жорий этиш, илмий кадрларни тайёрлаш ва илмий-тадқиқот инфратузилмасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ умумий муаммоларга дуч келаётганини таъкидладилар.

Форум иштирокчилари аёлларнинг илм-фан ва инновациялар ривожидаги роли, олима аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илмий соҳадаги иштирокини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Уларнинг профессионал ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратиш минтақадаги давлатларнинг барқарор ривожланишида муҳим омил экани таъкидланди.

Форум доирасида иккита панель сессия бўлиб ўтди. Биринчи панель сессия илм-фан ютуқлари ва инновациялардан фойдаланиш орқали минтақани ривожлантириш имкониятлари ва истиқболларига бағишланди. Муҳокама давомида минтақадаги мамлакатларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш, инновацион экотизимни кенгайтириш, илмий ва технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятида хотин-қизларнинг ролини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Иқтисодиётни диверсификациялаш воситаси сифатида илм-фандан фойдаланиш, минтақадаги мамлакатлар ўртасида технологик ҳамкорликни ривожлантириш, илм-фанни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва самарали инновацион инфратузилмани шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар, шунингдек, таълим тизими орқали янги авлод тадқиқотчиларини тайёрлаш истиқболлари, илм-фан соҳасида ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва минтақалараро академик ва илмий алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Иккинчи панель сессияда барқарор ривожланиш, экология, сунъий интеллект, маданий мерос ва жамоат саломатлиги масалалари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар атроф муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва келажак авлодларнинг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “яшил” технологияларни ривожлантириш ва экологик барқарор ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Сунъий интеллектни илмий фаолият, таълим, тиббиёт ва давлат бошқарувида қўллаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Замонавий рақамли технологиялар илмий тараққиёт ва инновацион ривожланишни тезлаштиришнинг муҳим воситасига айланиб бораётгани таъкидланди.

Ёшлар орасида илм-фанни оммалаштириш, талабалар, магистрлар ва докторантлар учун устозлик тизимини ривожлантириш, шунингдек, илм-фан соҳасидаги аёллар учун институционал ва ижтимоий тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Форум иштирокчилари барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақанинг инновацион келажагини шакллантириш учун Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг илмий, интеллектуал ва технологик салоҳиятини бирлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Форум якунлари бўйича билдирилган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш, шу жумладан, минтақада илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадқиқотларни мустаҳкамлаш механизмига айланадиган SheScience Central Asia олима аёлларнинг минтақавий тармоғини яратишни назарда тутувчи Қўшма коммюнике қабул қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш