Покистон ОАВ: ТДТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериклари қаторига киради
Май 14, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 45
ИСЛОМОБОД, 14 май. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Pakistan Economy”, “MNN News” ва “Diplomatic Affairs” нашрларида Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятига бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалларда ёзилишича, XXI асрда глобал иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланиши транспорт ва логистика тизимларининг стратегик аҳамиятини янада оширмоқда. Шу нуқтаи назардан, Европа ва Осиёни боғлаб турувчи муҳим геоиқтисодий ҳудудда жойлашган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо мамлакатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлардан бирига айланди.
ТДТ мамлакатларини Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериклари қаторига киритиш мумкин. Жумладан, Қозоғистон билан йирик савдо айланмаси, Озарбайжон билан эркин савдо, Туркия ва Венгрия билан энг кўп қулайлик режими амал қилади. 2025 йилда Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар билан юк ташиш ҳажми 17,5 млн тоннани ташкил этиб, умумий экспорт-импорт ташувларининг қарийб 38 фоизига тўғри келди.
Нашрларнинг қайд этишича, Ўзбекистон ТДТга аъзо давлатлардан иборат “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон–Туркманистон–Қозоғистон–Каспий денгизи–Озарбайжон–Грузия–Туркия–Европа” стратегик йўналишидан фаол фойдаланмоқда. ТДТ билан ҳамкорликда ушбу йўналишни ривожлантиришга урғу берилмоқда. Хусусан, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда логистика жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, ТДТ доирасида етказиб бериш занжирларида рақамли ечимларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида электрон рухсатнома алмашиш тизими e-Permit йўлга қўйилган, Озарбайжон билан e-TIR тизими жорий этилган. Шу билан бирга, электрон божхона, автоматик юк кузатув тизимлари, “рақамли божхона коридори” каби ечимлар ТДТ мамлакатларида кенг жорий этилмоқда.
Мақолаларда таъкидланишича, ТДТ ташаббуслари туркий давлатлар ўртасида ягона транспорт маконини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда. Рақамлаштирилган тизимлар, янги транспорт йўналишлари ва қўшма инвестициялар туфайли ТДТ мамлакатлари ўзаро интеграцияни чуқурлаштириб, Евроосиё транспорт тармоғида ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




