Қозоғистонда Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва тиббий туризм имкониятлари намойиш қилинди
Май 26, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 66
АКТОБЕ, 26 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Оқтовдаги Бош консулхонаси дипломатлари ҳамда “AKFA Medline” клиникаси ҳамкорлигида Ўзбекистондаги сайёҳлик имкониятлари ва тиббиёт туризмига бағишланган тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда сайёҳлик компаниялари, меҳмонхона бизнеси, маҳаллий ишбилармон доиралар вакиллари ҳамда Оқтов шаҳридаги тиббиёт муассасалари ходимлари иштирок этди.
Бош консулхона ва “AKFA Medline” клиникаси вакиллари иштирокчиларга Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, тиббий туризм, гуруҳли саёҳат пакетлари ва транзит туризми ҳақида маълумот берди. “AKFA Medline” клиникасида қўлланиладиган замонавий тиббий ускуналар, жумладан, роботлаштирилган технологияларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қозоғистоннинг Атирау, Уральск, Оқтов, Остона ва Олмаота шаҳарларидан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларига, жумладан, Тошкент шаҳрига тўғридан-тўғри авиақатновлар мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Бунинг икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик оқимини оширишга хизмат қилиши, айниқса, Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудлари аҳолиси учун саёҳатларни янада қулайлаштириши қайд этилди.
Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги лойиҳалар ва сайёҳлар учун яратилаётган имкониятлар тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Тақдимот доирасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган йирик туризм лойиҳалари ҳамда сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида Тошкент шаҳрида “Тунги сайёҳлик кўчалари”нинг ишга туширилгани таъкидланди.
Бундан ташқари, иштирокчиларга бўлажак тадбирлар – Наманганда ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивали ва 4–5 июнь кунлари Нукус шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган “Women in Tourism” халқаро форуми ҳақида хабар берилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб, қўшма туризм ташаббусларини амалга ошириш бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Япониянинг Нарита шаҳридаги кўргазмада Ўзбекистоннинг туризм ва маданий салоҳияти намойиш этилди



