Logo

Лондон шаҳрида "Марказий Осиё келажаги" форуми бўлиб ўтди

Май 30, 2025. 07:25 • 2 дақ

173
Лондон шаҳрида "Марказий Осиё келажаги" форуми бўлиб ўтди

ЛОНДОН, 30 май. /"Дунё" АА/. Лондон Иқтисодиёт мактабида (LSE) Марказий Осиё ёшлар алянси томонидан Ўзбекистонлик талабалар уюшмаси билан ҳамкорликда "Марказий Осиё келажаги" форуми ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 

Буюк Британияда таҳсил олаётган Марказий Осиё давлатларидан 100 дан ортиқ талаба ва ёш мутахассисларни бирлаштирган тадбир минтақамизда барқарор ривожланишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.

Форумда илмий ва академик доиралар вакиллари, жумладан, собиқ ташқи ишлар вазири ва ШҲТнинг собиқ бош котиби Владимир Норов, Қозоғистон фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек иштирок этди. Улар минтақа тараққиёти олдида турган асосий хавф ва имкониятлар ҳақида ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.

Форум дастури иккита панель муҳокамасини ўз ичига олган. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова иштирокида "Марказий Осиё минтақаси ривожида хотин-қизларнинг етакчиликдаги аҳамияти" мавзусидаги биринчи муҳокама онлайн тарзда ўтказилди.

Иккинчи сессия – "Имкониятлар иқтисодиёти: Марказий Осиёда бизнесни ривожлантириш" мавзусида "Ground Zero" тармоғи асосчиси, Ўзбекистондаги TEAM University ҳаммуассиси Ҳикмат Абдурахмонов иштирокида бўлиб ўтди.

Форум доирасида "Келажак ярмаркаси" ташкил этилиб, талабалар Буюк Британияда турли соҳаларда фаолият юритаётган Марказий Осиёдан келган мутахассислар билан танишиш имконига эга бўлдилар. Мутахассислар Буюк Британияда бандлик ва малака ошириш бўйича ўз билимлари билан ўртоқлашди.

"Марказий Осиё келажаги" форуми тажриба алмашиш, касбий алоқаларни кенгайтириш ҳамда Марказий Осиёдан келган талабалар ва ёш битирувчиларни минтақа ривожи учун муваффақиятли мартаба қуришда қўллаб-қувватлаш майдончасига айланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш