Ўмон пойтахтида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча ўтказилди
Май 26, 2025. 12:01 • 3 дақ
• 96
МАСКАТ, 26 май. "Дунё" АА/. Ўмон пойтахти Маскат шаҳрида Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Адабий тадбир Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ўмондаги аёл китобхонлар жамияти – "Байтул қироа" билан биргаликда ташкил этилди.
"Байтул қироа" Ўмон маданият, спорт ва ёшлар вазирлиги қошида рўйхатдан ўтган жамоат ташкилоти ҳисобланади. Жамият султонликдаги турли касб вакилларидан иборат зиёли аёлларни бирлаштиради.
Тадбирда мисрлик олим Ахмад Мусо ва ўзбекистонлик шарқшунос олим Баҳодир Пирмухамедов қаламига мансуб, араб тилидаги "Маҳмудхўжа Беҳбудий" асарининг мазмун-моҳияти, Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, жадидчилик фаолияти батафсил муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ўз маърузаларида ушбу китоб ҳақидаги, Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илм ўрганиш орқали ўша даврдаги ўзбек жамиятини ислоҳ қилишга, уни ривожлантиришга қаратилган ғоялари, алломанинг илм, санъат ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида урғуланди.
Улуғ аждодимиз қаламига мансуб ва 1914 йилда "Турон" театрида саҳналаштирилган "Падаркуш" пьесаси тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.
Ўзбекистон дипломатлари ўз чиқишларида, жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган буюк аждодларимиз меросини асраб авайлаш, хусусан маърифатпарвар ўзбек жадидлари хотирасини тиклаш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўзлаб бердилар.
Ўзбекистон Президентининг "Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон-Ўмон муносабатларининг маданий-маърифий, адабий йўналишдаги ҳолати ҳамда истиқболларига тўхталиб ўтилди.
Анжуман якунида Беҳбудий меросига бағишланган алоҳида кечани Ўзбекистонда, у туғилиб ўсган шаҳар Самарқандда ташкил этишга келишиб олинди.
Раҳма ал-Вуҳайб, тадбир иштирокчиси:
– Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатпарвар инсон эди. У доимо миллат бирлиги, жамият ва динлар ўртасида ҳамжиҳатликка даъват қилган ҳамда Ватан равнақи учун барча кучларни бирлаштириш тарафдори бўлган.
Бироқ унинг садоқати ва олий жаноблигига қарамасдан, зулм ва туҳмат қўллари унга ҳам етиб борди. У ноҳақ равишда золимлар томонидан, адолатсизлик билан қатл этилди.
Шаҳид бўлишидан олдин у ўз йўлдошлари ва шогирдларига васият қилиб, ўзининг миссиясини давом эттиришга чақирди. Яъни илм тарқатиш ва одамларни жаҳолат зулматидан қутқаришни буюрди.
Дунё Беҳбудийдек инсонни йўқотди, Аммо Беҳбудий илм йўлида шаҳидлик шарафига эришди.
Наҳо ас-Санҳония, тадбир иштирокчиси (Яман):
– Беҳбудий ҳақидаги араб тилда тайёрланган китобни илк бор кўрганимда, адибга қўйилган тахаллус мени ўзига жалб қилди. Шу боис, бу тахаллуснинг маъносини излашга киришдим. Ва айнан шу ерда менинг фикрим анча шаклланди — бу сафар китоб ҳақида эмас, балки бу китоб орқали танишган мутафаккир ва маърифатпарвар шахс ҳақида айтиб беришни мақсад қилдим.
Айтишадику, ҳар бир инсон исми билан туғилади деб. Эҳтимол, Маҳмудхўжа Беҳбудий тақдири исми орқали белгилангандир. Бу ном фақат тахаллус эмас, балки шараф ҳамдир.
Унинг тахаллуси шараф, илм ва фаолиятни ўзида бирлаштирган. Бу исм тасодиф эмас, балки унинг бутун ҳаёт йўлига қўйилган ўчмас сарлавҳадир.
Беҳбудий ҳаёти тарихда ва бизнинг қалбларимизда мангу қолди.
Сухейр Толиб ал-Хусния, тадбир иштирокчиси:
– Китобда мени ўзига жалб қилган жиҳатлардан бири – бу Беҳбудийнинг ислоҳотчилик фаолиятидир. Ислоҳотчи Маҳмудхужа Беҳбудий кун тартиби марказида таълимни яхшилаш ёки уни тубдан ўзгартириш вазифалари олдинги қаторда турган. У таълимни эътиқодга мослаштириш ва жамиятни соғлом фикрлашга чорлашни мақсад қилган. Кўр-кўрона равишда оммани эргаштириш ёки мустамлакачилик сиёсатини қабул қилишни эмас, балки мустақил, онгли тафаккурни тарғиб қилган.
Албатта, ҳар қандай ислоҳотга жамият томонидан қаршилик бўлиши табиий. Хусусан, жадидчиларнинг баъзи уламолар томонидан кофир деб аташлари шундан далолат беради. Чунки улар янги фикр эвазига қадимий ва ўзгаришга муҳтож тизимни танқид қилган эдилар.
Ушбу ислоҳотлар марказида янги мактаблар очиш турарди. Албатта, илм ва таълим билан миллатлар юксалади. Беҳбудийнинг театр санъатини ва босма нашрларни ривожлантириш, она тилига бўлган эътибори, ўзбек тилини бошқа тиллар таъсиридан холи қилишга бўлган уринишлари, ўз халқининг ўзлигини асраб қолишга қаратилган, деб ўйлайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Таиландда давлат рамзларининг аҳамиятига бағишланган тадбир ташкил этилди
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди