Logo

Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар

Октябрь 21, 2025. 16:59 • 2 дақ

95
Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар

АНҚАРА, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Туркияда ҳам бир қатор маънавий-маърифий тадбир ва анжуманлар ташкил этилмоқда, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Анқара шаҳрида "Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Туркистон жадидлик ҳаракати" мавзусида халқаро илмий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги

"Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган конференция Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, мамлакатимиз элчихонаси, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамкорлигида уюштирилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда жадид бобомизнинг хотирасини абадийлаштириш учун кўплаб тадбир ва лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидладилар. Жумладан, адиб ҳақида китоблар нашрга тайёрланиб, унинг ҳаёти ҳақида спектакллар саҳналаштирилаётгани, мамлакатимиз илмий муассасаларида ижодий учрашувлар, адабиёт ва китобхонлик кечалари ташкил қилинаётгани, Самарқанддаги Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи ҳудуди ободонлаштирилиб, музей экспозицияси бойитилаётгани айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан жадидлар меросини чуқур ўрганиш бўйича беқиёс ишлар бошлангани Туркия вакиллари томонидан эътироф этилди. Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган Учинчи Ренессанс ғояси замирида ҳам улуғ аждодлар орзу-интилишлари ва армонлари мужассам.

Анжуман натижалари Маҳмудхўжа Беҳбудий ва бошқа жадидларнинг ибратомуз ҳаётини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Тадбир доирасида ТУРКСОЙ ва Анқара Ҳожи Байрам Вали университети ҳамкорлигида турк тилида тайёрланган "Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг танланган асарлари" китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Шунингдек, Анқара шаҳри театри саҳнасида Самарқанд вилояти мусиқали драма театри томонида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан саҳналаштирилган Беҳбудий спектакли намойиш этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш