Logo

"Иккинчи жаҳон уруши хотираларда" ижодий ишлар кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Май 10, 2025. 07:19 • 2 дақ

61
"Иккинчи жаҳон уруши хотираларда" ижодий ишлар кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

ТОШКЕНТ, 10 май. /"Дунё" АА/. "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси ҳузуридаги "Шон-шараф" давлат музейида "Иккинчи жаҳон уруши хотираларда" ижодий ишлар кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси маълумотига кўра, ушбу танлов Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 19 февралдаги "Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтказилди.

Кўрик-танлов Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги таъсисчилигида Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси, Бадиий академия, Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камолиддин Бехзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорлигида ташкил этилди.

Иштирокчилар рангтасвир, графика ва ҳайкалтарошлик йўналишларида ўзаро беллашдилар. Танлов натижасига кўра, 10 нафар рағбатлантирувчи ўрин, шунингдек, барча йўналишлар бўйича биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаганларга қимматбаҳо совғалар, диплом ва фахрий ёрлиқлар топширилди. Энг олий ўрин – Гран-прини Тошкент халқаро кимё институти талабаси Юлдуз Ражабова қўлга киритди.

Ёш ҳаваскор ва профессионал ижодкорларнинг мазкур сара асарлари, "Шон-шараф" давлат музейини янада мазмунан бойитишга, ватан тинчлиги учун курашган қаҳрамон аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, қолаверса, ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган инсонпарварлик ва миллий ғурур туйғуларини юксалтиришга ҳисса қўшади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш