Logo

Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди

Февраль 09, 2026. 20:43 • 4 дақ

105
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди
Покистонда Алишер Навоий ижоди эътироф этилди

ИСЛОМОБОД, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасида сўз мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Покистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллий тил департаменти бош директори Салим Мазҳар, Карачи шаҳридаги Ўзбекистон маданият маркази раҳбари Нана Шаҳанша, Исломободдаги Бахрия университети профессори Адам Сауд, NUML университети ўқитувчиси Маҳфуза Хасанова, эксперт-таҳлил доира вакиллари, ОАВ ходимлари ва фаол ватандошлар иштирок этди

Маънавий-маърифий тадбирни Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев қутлов нутқи билан очиб берди. У мамлакатимизда Алишер Навоий меросини асраб-авайлаш, буюк мутафаккирнинг ўзбек тилини ривожлантиришдаги бебаҳо ўрни, Покистонда Алишер Навоий ижодини ўрганиш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Улуғ аждодимизнинг халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни, яратувчанлик ва бунёдкорлик соҳасидаги эзгу ташаббуслари алоҳида эътироф этилди. Маърузада буюк шоирнинг ўзбек ва покистонлик ёшларнинг маънавиятини юксалтиришдаги аҳамиятига алоҳида урғу берилди. Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан кенг кўламли адабий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани қайд этилди.

Дипломатик ваколатхона раҳбари Покистонда Алишер Навоий ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Пешавор университети ҳузуридаги Минтақавий тадқиқотлар марказида “Алишер Навоий тадқиқот маркази” ташкил этилгани таъкидланди. Мазкур марказ Навоий меросини ўрганиш ва покистонликлар орасида кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Марказга Ўзбекистон элчихонаси томонидан Алишер Навоий асарлари, девонлари, назмий ва насрий тўпламлари, шунингдек, шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган китоблар мунтазам равишда тақдим этилмоқда. Ушбу йўналишдаги ишлар келгусида янада кенгайтирилиши маълум қилинди.

Профессор Салим Мазҳар Навоий Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари маданияти ҳамда адабиёти шаклланишига доир ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Алишер Навоий меросининг жаҳон адабиётига таъсири ҳозирга қадар тўлиқ очиб берилмаган мавзулардан бири ҳисобланади. Навоийнинг илмий-адабий мероси урду адабиёти ва шеърияти шаклланишида муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда олдимизда турган асосий вазифа халқларимиз ўртасида узилиб қолган тарихий ришталарни қайта тиклашдан иборат. Бу борада Навоий меросини биргаликда тадқиқ этиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ўзим раҳбарлик қилаётган департамент номидан ўзбекистонлик навоийшунос олимлар билан Алишер Навоий асарларини урду тилига таржима қилиш йўналишида ҳамкорлик қилишга тайёр эканимизни билдираман”, – деди С. Мазҳар.

Карачи шаҳридаги Ўзбекистон маданият маркази раҳбари Нана Шаҳанша Ўзбекистон халқини буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги билан табриклади.

“Алишер Навоий ижоди нафақат ўзбек халқининг, балки барча туркий тилли халқларнинг маънавий меросидир. Унинг асарларида илгари сурилган эзгу ғоялар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Навоий асарларидаги ғоялар инсоният учун буюк ҳаётий сабоқ, улкан дастуруламалдир”, – деди у.

Бахрия университети профессори Адам Сауд Ўзбекистонда Алишер Навоийга бўлган муносабат, буюк аждодимизнинг маънавий меросига қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистонга сафарим чоғида жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган янгиланишларга, хусусан, ўзбек халқининг улуғ аждодларига бўлган юксак ҳурматига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистонда Алишер Навоий шахсига жуда катта эътибор қаратилади. Унинг номи билан йирик вилоят, университет ва қатор маданий-маърифий мажмуалар аталиши бунга яққол далилдир. Илмий доира вакиллари орасида Навоий ижодини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Покистонда ҳам Алишер Навоийга бўлган қизиқиш кучли. Унинг ғазал ва рубоийларини катта қизиқиш билан мутолаа қиламиз. Покистонда Навоий ижодини ўрганишга доир илмий тадқиқот ишларини жадаллаштириш, ёш олимларни бу жараёнга кенг жалб этиш зарур, деб ҳисоблайман”, – деди Адам Сауд.

Исломобод шаҳридаги NUML университети ўқитувчиси Маҳфуза Хасанова Алишер Навоий ижодида ёшлар тарбияси, тинчлик ғоялари ҳамда барча халқларни дўстлик ва биродарликка чорловчи маънавий қадриятлар мужассам эканини таъкидлади.

“Алишер Навоийнинг ижоди ва ижтимоий фаолияти инсоният ва маънавиятга, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилишнинг бетакрор намунасидир. Навоий асарлари ёш авлоднинг маънавий камол топишида беқиёс аҳамиятга эга. Унда ота-она, устоз ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш, илм-маърифатга интилиш, юксак ахлоқ соҳиби бўлиш, ёмонликдан йироқ туриш каби ғоялар қаламга олинган бўлиб, булар барча замонлар учун умумий бўлган комил инсон ғояси билан чамбарчас боғлиқдир”, – деди у.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан тақдим этилган, Навоий ва бошқа ўзбек ёзувчи-шоирларининг китоблари топширилди. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш