Logo

Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди

Февраль 09, 2026. 16:31 • 3 дақ

114
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги Хитойда кенг нишонланди

ПЕКИН, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида буюк шоир, мутафаккир, "ғазал мулкининг султони" ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Хитой олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган ватандошлар, элчихона ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Пекинда жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Котибияти вакиллари иштирок этди.

Алишер Навоий таваллуд топган кун нафақат муҳим тарихий сана, балки том маънодаги маънавият байрами экани таъкидланди.

Шоирнинг “Тилга эътибор - элга эътибор” деган доно ўгитига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат тили сиёсати инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар билан узвий боғлиқдир.

Ёшлар ўртасида Алишер Навоий меросини чуқур ўрганиш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек, мобил иловалар ва электрон платформалардан фойдаланган ҳолда Алишер Навоий асарларининг замонавий авлод учун мослаштирилган, тушунарли бўлган ихчам версияларини яратиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Шу ўринда, Алишер Навоий мероси битмас-туганмас маънавий қадриятлар манбаи экани, уни ўрганиш, асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга безавол етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз экани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Шанхай университетида буюк мутафаккир, шоир ва ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоийга бағишланган тадбир ташкил этилди. Учрашувда мазкур олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Тадбирда атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бой мероси, унинг нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти, миллий маданиятимиз ривожида, халқимизнинг адабий-эстетик дунёқарашини шакллантиришдаги беқиёс ўрни ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, иштирокчиларга Ўзбекистон ҳукумати буюк маданият ва тарих арбоблари меросини асраб-авайлаш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида Бош консулхона ходимлари ва ватандош талабалар университет ҳудудида ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Сардор Гасанов, ҳамюртимиз:

- Алишер Навоий таваллуди муносабати билан ватандошларимиз билан биргаликда Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида тўпланганимиздан мамнунман. Буюк шоир жаҳон адабиёти ва шеъриятига улкан ҳисса қўшган. Унинг асарлари орқали ўзбек тили халқаро миқёсда кенг эътироф этилди. Унинг ижоди бутун дунёда ўрганилади ва юқори баҳоланади. Хусусан, Хитойнинг энг йирик шаҳарларидан бири - Шанхайда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди.

Севинч Сафарова, университет талабаси:

- Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасига ташриф буюрдик. Тадбир давомида буюк аждодимизнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида суҳбатлашиб, у қолдирган бебаҳо маданий мерос бугунги кунда ҳам ёшлар учун долзарб ва аҳамиятли эканлигини таъкидладик. Унинг ғазал ва рубоийларини тингладик. Алишер Навоий шунчаки шоир эмас, балки сўз оламининг ҳақиқий соҳибидир. Унинг "Хамса"си бизга ва келажак авлодларга қолдирилган бебаҳо хазина десак муболаға бўлмайди.

Шерали Тожиматов, инглиз тили фани ўқитувчиси:

- Элчихонамизда ташкил этилган маданий кечада буюк аждодимиз, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини яна бир бор ёдга олдик. Кўп йиллардан буён Хитойда яшаб, ишлаб келаётган ватандош сифатида айтишим мумкинки, ҳозирги кунда хитойлик ёшлар орасида ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Улар махсус мобил иловалар ва электрон дастурлар орқали буюк шоир ва ёзувчиларимиз асарлари билан танишмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш