Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари итальян тилига таржима қилинди
Февраль 09, 2026. 16:56 • 52 сония
• 117
РИМ, 9 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари итальян тилига таржима қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур асар “Sandro Teti Editore” нашриёти томонидан ўзбек адабиёти ихлосмандлари ва италиялик ҳомийлар кўмагида итальян тилига таржима қилинди.
“Лисон ут-тайр” таржимаси юқори малакали, тажрибали таржимон ва муҳаррирлар томонидан амалга оширилган. Асар машҳур италиялик тарихчи, Шарқ мамлакатлари бўйича мутахассис олим, Рим Сапиенс университети профессори Марко Ди Бранконинг сўзбошиси билан бошланади.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев “Sandro Teti Editore” нашриёти асосчиси ва раҳбари Сандро Тети билан учрашув ўтказиб, таржима жараёни билан яқиндан танишди, италиялик мутахассислар билан Навоий ижоди борасида фикр алмашди.
Сандро Тети Алишер Навоий ижоди ҳақида гапирар экан, Навоий ижоди нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсониятнинг беқиёс ва буюк мероси экани, “Лисон ут-тайр” асарини таржима қилиш ўзи учун катта шараф бўлганини алоҳида таъкидлади.
“Лисон ут-тайр” асарининг итальян тилидаги таржимаси Алишер Навоийнинг 585 йиллигига бағишланган тадбирларда тақдим этилиши режалаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
