Logo

Германияда "Янги Ўзбекистонни кашф этинг" мавзусида маърифий учрашув ўтказилди

Ноябрь 03, 2025. 11:08 • 59 сония

161
Германияда "Янги Ўзбекистонни кашф этинг" мавзусида маърифий учрашув ўтказилди

БЕРЛИН, 3 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбек тили байрами муносабати билан "Янги Ўзбекистонни кашф этинг" мавзусида маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Германиядаги турли вазирлик ва идора ходимлари, сайёҳлик компаниялари ва маданият соҳаси вакиллари, ватандошлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов меҳмонларга ўзбек тилининг нуфузини ошириш ва мустаҳкамлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган иcлоҳотлар ҳақида маълумот берди. Ўзбек тилининг тарихи ва бугуни, унинг жамият тараққиётида тутган ўрни, бошқа тиллар билан алоқаси ҳақида тўхталди. Ўзбек тилининг ривожланишида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк шахсларнинг ижоди ҳақида сўз юритди.

Германиянинг бир қанча олий ўқув юртларида, жумладан Берлиндаги Гумбольдт университетида ўзбек тили ва адабиёти ўрганилади. Олийгоҳнинг ўзбек тилини ўрганаётган талабалари байрам тадбирига ўзбек тилида тайёрлаб келган дастурларини намойиш қилди.

"Ўзбек ҳалқи маданияти ва санъатига меҳрим ўзгача. Шу боисдан Гумбольдт университетида ўзбек тилини ўрганаяпман. Машғулотларда нафақат тил қоидаларини, балки ўзбек маданиятини ҳам ўрганамиз", ­­ дейди ушбу таълим муассасаси талабаси Оливия Фауст.

Маданий-маърифий тадбир давомида профессор Феруза Абдураҳимова бадиий раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат филармониясининг "Сўғдиёна" миллий чолғулар камер оркестрининг ижод намуналари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш