Кобулда "Афғонистонда ўзбек тилининг ўрни" мавзусида адабий-бадиий анжуман бўлиб ўтди
Октябрь 20, 2025. 12:21 • 2 дақ
• 204
КОБУЛ, 20 октябрь. /"Дунё" АА/. Афғонистон пойтахтида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган "Афғонистонда ўзбек тилининг ўрни" мавзусида адабий-бадиий анжуман ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Афғонистон ҳукумати, Олий таълим, Маориф, Ахборот ва маданият вазирликлари вакиллари, ўзбек жамоат ташкилотлари аъзолари, фаоллар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, шунингдек, олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Анжуманнинг очилиш қисмида сўзга чиққан Афғонистон олимлари, тилшунослари ва профессор-ўқитувчилар мамлакатда Ўзбек тили байрами куни кенг нишонланаётганидан мамнун эканликларини билдирди. Ўзбекистон Ҳукуматининг бутун дунёда ўзбек тили нуфузини ошириш ва миллий анъаналар ҳамда урф-одатларни тарғиб қилиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Тилшунос олим Муҳаммад Хасан Сирдош ўзбек тилининг халқаро майдонда, шу жумладан Афғонистонда нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади. "Афғонистонда Ўзбек тили байрами куни мамлакатнинг расмий байрами ҳисобланади. Ўзбек тили миллатимизнинг улкан бойлиги ва беназир қадрияти", – деди у.
Таниқли шоир ва ёзувчи Хомуш Ҳаём ўз нутқида, ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашда ўзбек тилининг ҳиссаси эътироф этди. "Ўзбек тили буюк давлат арбоби ва мутафаккир Алишер Навоий номи билан узвий боғлиқдир. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Агар биз ўз тилимизни дунёга тараннум этсак, миллатимиз ва бирлигимиз янада мустаҳкам бўлади, – деди у. – Шунингдек, ўзбек тилини Афғонистонда илмий асосда ривожлантириш бўйича амалий ишларни давом эттириш зарур".
Ўзбекистон дипломатлар, иштирокчиларни ушбу муҳим сана билан муборакбод этиб, юртимизда ўзбек тилига берилаётган эътиборга тўхталиб ўтдилар.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртимизда ёш авлодни тилимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Шунингдек, афғон ёшларини ўқитиш учун Сурхондарё вилоятида Термиз таълим маркази фаолият юритаётгани ва талабаларга турли йўналишларда имтиёзли грантлар ажратилгани айтиб ўтилди.
Тадбир давомида ёш ижодкорлар томонидан ўзбек тилини улуғловчи шеърлар, Алишер Навоий ғазалларидан парчалар ўқилди ва ўзбек миллий мақом қўшиқлари ижро этилди.
Кеча доирасида ўзбек тилида нашр этилган китоблар тақдимоти, миллий либослар, тасвирий санъат ва таомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди
Ўзбекистон Конституцияси куни АҚШда кенг нишонланди