ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг ҳужжатли меросни асраш йўлидаги ташаббуси бир овоздан маъқулланди

Май 26, 2026. 17:55 • 7 дақ

78
ЮНЕСКОда Ўзбекистоннинг ҳужжатли меросни асраш йўлидаги ташаббуси бир овоздан маъқулланди

ПАРИЖ, 26 май /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили Камол Мухторов “Дунё” АА мухбирига шу йил 23 апрель куни ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида ўтказилган Ижроия кенгашининг 224-сессиясида Ўзбекистон томонидан таклиф этилган 19 ноябрни – Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқуллангани хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

­– Аслида ушбу Халқаро ҳужжатли мерос кунини эълон қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти томонидан 2025 йил 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилиш маросимида илгари сурилганди.

Ҳужжатли мерос – қўлёзмалар, архивлар, кутубхона фондлари, аудиовизуал материаллар ва рақамли ёзувлар – инсоният жамоавий хотирасининг муҳим қисми ҳисобланади. Бироқ ресурслар етишмаслиги, рақамлаштириш имкониятларининг чеклангани, технологик эскириш, иқлим ва бошқа хавф-хатарлар туфайли заиф бўлиб қолмоқда.

Шу нуқтаи назардан, ушбу ташаббус ҳужжатли мероснинг аҳамияти ҳақида глобал хабардорликни ошириш, аъзо давлатлар ва ҳамкорларнинг уни асраб-авайлаш бўйича саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш, ундан фойдаланиш имкониятини, жумладан, рақамли шаклда кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ЮНЕСКОнинг “Дунё хотираси” дастурининг кўринишини кучайтиришга қаратилган.

Мазкур ташаббус, ЮНЕСКОнинг ҳужжатли меросни асраб-авайлаш, ахборотдан фойдаланиш, рақамли трансформация ва барқарор ривожланиш каби соҳалардаги жорий устувор йўналишларига мос келади.

Бугунги халқаро ҳамжамият ҳужжатли меросни сақлаш соҳасида мисли кўрилмаган таҳдид ва муаммоларга дуч келмоқда. Технологияларнинг тез эскириши, ресурслар етишмаслиги, иқлим ўзгариши ва табиий офатлар оқибатида кўплаб ҳужжатли коллекциялар йўқолиб кетиш хавфи остида қолмоқда. Рақамлаштириш даражасининг пастлиги, молиявий имкониятларнинг чеклангани ва табиий офатлар таъсири бу жараённи янада мураккаблаштирмоқда.

Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида Халқаро ҳужжатли мерос кунини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади –­­ мавжуд муаммоларга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда архивлар, кутубхоналар ва аудиовизуал коллекцияларни сақлаш ва рақамли трансформация қилиш соҳасида давлатлар салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат.

Халқаро кун учун 19 ноябрь санаси бежиз танланмаган. Айнан 1992 йил 19 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастури ташкил этилган бўлиб, у инсоният ҳужжатли меросини сақлаш бўйича ташкилотнинг энг муҳим механизмларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ташаббуси ЮНЕСКОнинг барқарор ва инклюзив билимлар жамиятини шакллантиришга қаратилган стратегик устувор йўналишларига тўла мос келади. Шунингдек, у ЮНЕСКОнинг 2015 йилги ҳужжатли меросни сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича тавсияларини амалга оширишга хизмат қилади ҳамда “Жаҳон хотираси” дастурининг нуфузи ва самарадорлигини янада оширади.

Янги халқаро куннинг таъсис этилиши ЮНЕСКО ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшлар, илмий доиралар ва кенг жамоатчиликнинг ҳужжатли меросни асраш ва тарғиб қилишдаги иштирокини фаоллаштириш имконини беради.

Мамлакатимиз бой ва ранг-баранг ҳужжатли меросга эга бўлиб, ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурида фаол иштирок этиб келмоқда.

ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига мамлакатимизнинг минг йиллик тарихи ва маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи ноёб коллекциялар киритилган. Улар қаторида Шарқшунослик институти қўлёзмалар архиви, Усмон Қуръони, Хива хонлари архивлари, Бухоро амирлиги девонхонаси ҳужжатлари, Румий асарлари тўплами, Худойберган Девонов фотоколлекцияси, “Туркистон альбоми”, Муғ тоғидан топилган Суғд ҳужжатлари ҳамда “Жомеъ ат-таворих” асари бор. Ушбу жаҳон аҳамиятига молик ёдгорликлар Ўзбекистоннинг чуқур тарихий илдизлари ва мамлакатимизнинг ёзма маданият, илм-фан ва санъат ривожига қўшган улкан ҳиссасини намоён этади.

Ижроия кенгаши қарори 66 та давлат ҳаммуаллифлигида ва бир овоздан қабул қилингани алоҳида аҳамиятга эга. Уларнинг 32 таси ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 58 аъзоси қаторига киради. Бундай кенг географик ва сиёсий қўллаб-қувватлов ҳужжатли меросни инсоният тарихи хотираси ва халқлар маданий ўзига хослигининг асоси сифатида сақлаш муҳимлигини англашнинг яққол ифодасидир.

ЮНЕСКОнинг белгиланган тартиб-қоидаларига мувофиқ, Халқаро ҳужжатли мерос кунини расман эълон қилиш маросими 2027 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 44-сессиясида ўтказилади.

Ўзбекистон ташаббусининг кенг қўллаб-қувватланиши мамлакатимиз билан ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда жадал суръатларда кенгайиб бораётганининг яна бир ёрқин далили бўлди.

2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг тарихий 43-сессияси муваффақиятли ташкил этилди. ЮНЕСКО раҳбариятининг, жумладан Бош директорнинг Ўзбекистонга мунтазам ташрифлари ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.

Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг II тоифадаги Мактабгача таълим бўйича минтақавий маркази ташкил этилди. Шунингдек, сунъий интеллект этикаси бўйича ЮНЕСКО–Ўзбекистон Беруний халқаро мукофоти таъсис қилинди. Мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш бўйича Глобал конвенциясига қўшилди. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистонда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича комплекс тадқиқот амалга оширилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 8 та ЮНЕСКО кафедраси ва 24 та ЮНЕСКО ассоциациялашган мактаби фаолият юритмоқда. 2024 йилда Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида ЮНЕСКОнинг Ипак йўлида барқарор тарихий туризм бўйича кафедраси очилди. Тошкент, Фарғона, Нукус ва Самарқанд шаҳарлари ЮНЕСКОнинг Глобал ўқувчи шаҳарлар тармоғига киритилди.

Маданий мерос соҳасидаги ҳамкорлик ҳам сезиларли даражада кенгайди. Бухоро шаҳри ЮНЕСКОнинг Креатив шаҳарлар глобал тармоғига қўшилди. Қолаверса, мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилишни ўрганиш халқаро маркази (ICCROM)нинг тўлақонли аъзосига айланди.

Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига 20 га яқин миллий номинациялар киритилди. Улар қаторида “Қорақалпоқ ўтовларини яратиш бўйича анъанавий билим ва кўникмалар”, “Қобиз ясаш ва унда ижро этиш санъати”, “Ўзбекистон кулолчилик санъати”, “Наққошлик” ва бошқалар мавжуд.

Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқанд каби Жаҳон мероси шаҳарларига қўшимча равишда Зарафшон–Қорақум коридори бўйлаб жойлашган ёдгорликлар, Ғарбий Тянь-Шань ва Турон чўллари табиий ҳудудлари ҳам Жаҳон мероси рўйхатига киритилди. Чотқол ва Қуйи Амударё давлат биосфера резерватлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон биосфера резерватлари тармоғига қўшилди.

Айни пайтда “Тошкент модернистик архитектураси”, “Ўзбек кураши”, “Бухоро рақси”, “Алпомиш”, “Ипак йўли: Фарғона–Сирдарё коридори”, “Каштачилик санъати”, “Кигиз тайёрлаш анъаналари” каби янги номинацияларни ЮНЕСКО рўйхатларига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистон маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси тузилди. Ташкилот ҳомийлигида “Шарқ тароналари”, мақом ва бахшичилик санъати, халқ ҳунармандчилиги ва этноспорт фестиваллари ўтказиб келинмоқда.

Ушбу ютуқлар Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик изчил, тизимли ва ташкилот мандатининг барча асосий йўналишларини қамраб олган ҳолда ривожланаётганини яққол намоён этади.

Икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 8 апрель куни Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида битим имзоланди ҳамда Ўзбекистон Президенти ташаббусларини амалга ошириш бўйича махсус “Йўл харитаси” қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат 2026–2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берувчи янги стратегик дастур бўлиб, томонларнинг ЮНЕСКО мандати доирасидаги барча соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган қатъий интилишини ифода этади.

Президент ташаббусининг муваффақиятли амалга оширилиши, яъни 19 ноябрь санасининг Халқаро ҳужжатли мерос куни сифатида эътироф этилиши Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг яна бир муҳим исботидир.

Ўзбекистон изчил равишда глобал гуманитар кун тартибини шакллантиришда фаол иштирок этиб, маданий меросни асраш, маданиятлараро мулоқот ва барқарор ривожланиш ғояларини илгари сурмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз йирик халқаро форумлар майдонига айланди, ЮНЕСКО дастурларида фаол иштирок этмоқда ва маданий дипломатия ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Халқаро ҳужжатли мерос кунининг таъсис этилиши Ўзбекистон нафақат муҳим халқаро ташаббусларни илгари сураётгани, балки уларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришга ҳам тайёр эканининг яна бир тасдиғидир.

Мамлакатимиз келгусида ҳам ҳужжатли меросни асраш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида. ЮНЕСКО ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ҳар йили янги халқаро санага бағишланган кўргазмалар, таълим дастурлари, тренинглар ва маданий тадбирларни ЮНЕСКО штаб-квартирасида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Халқаро ҳужжатли мерос кунининг таъсис этилиши – бу нафақат Ўзбекистон дипломатиясининг ютуғи, балки инсоният хотирасини сақлаш йўлида глобал ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Ҳужжатли мерос келажак авлодлар учун очиқ, ҳимояланган ва қадрланадиган бўлишини таъминлашга қаратилган улкан ҳиссадир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш