Logo

Бангкокда Наврўз байрами халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлади

Март 23, 2026. 15:39 • 2 дақ

163
Бангкокда Наврўз байрами халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлади

БАНГКОК, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Таиланддаги элчихонаси томонидан Наврўз айёми муносабати билан маданий-маърифий учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбирда Қозоғистон ва Озарбайжоннинг Таиланддаги элчилари, Бангкок шаҳридаги сиёсий, маданий ва ишбилармон доира вакиллари ҳамда ватандошлар қатнашди.

Дипломатларимиз тадбир иштирокчиларини уч минг йиллик қадимий тарихимиз, бой маданиятимиз ва эзгу қадриятларимизни ўзида мужассам этган Наврўз айёми ҳамда бутун ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ҳайити муносабати билан самимий муборакбод этди.

Сўзга чиққанлар жорий йилда Наврўз байрамининг Рамазон ҳайити кунларига уйғун келгани, унинг маънавий аҳамиятини янада ошириб, байрамга алоҳида руҳ ва файз бағишлаганини таъкидлади.

Тантанали йиғилишнинг хорижлик иштирокчиларига Наврўз ва Рамазон ҳайити байрамлари тарихи, уларнинг юртимизда нишонланиш анъаналари ва кўлами ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Наврўз бугунги кунда турли халқ ва элатларни, жумладан, Марказий Осиё халқларини янада жипслаштирувчи қадимий байрам ҳисобланади. Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши эса халқлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Тадбир давомида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги ўзгаришлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва эзгу ғоялари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига хориждаги ватандошлар ҳамда ишбилармон доира вакилларини фаол иштирок этишга чақирилди.

Тадбир якунида хорижий меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятини акс эттирувчи тақдимот материаллари намойиш этилди. Иштирокчилар учун миллий анъаналар асосида безатилган байрам дастурхони ёзилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш