Малайзияда муқаддас Рамазон ойи саховат акцияси ўтказилмоқда
Февраль 25, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 189ПУТРАЖАЯ, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг маъмурий маркази саналган Путражая шаҳрида Ўзбекистон туристик павильони ташкил этилиб, муқаддас Рамазон ойи саховат акцияси ўтказилмоқда, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу йилнинг 19 февралидан 19 мартгача давом этадиган акцияда Ўзбекистоннинг зиёрат ва гастрономик туризм салоҳияти, бой маданияти, юртимизда ишлаб чиқарилган ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилади.
Куала-Лумпур шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўтказилаётган ушбу лойиҳа муборак Рамазон ойини муносиб тарзда нишонлаш ҳамда “Умра плюс” зиёрат туризми дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Акция доирасида ташкил қилинган ярмаркада Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари, маҳаллий ҳамкор туркомпаниялар, меҳмонхона ва ресторан вакиллари иштирок этаяпти.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми кенг тарғиб қилинмоқда. Иштирокчиларга республикада туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот бериляпти.
Ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлаяпти.
“Зиёрат туризм”, “Тарихий-маданий туризм”, “Гастрономик туризм”, “Умра плюс” каби сайёҳлик дастурлари маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилиняпти.
Тадбирда республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари иштирокида миллий ҳунармандчилик, амалий санъат, енгил саноат ва ипак маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳам ўтказилмоқда.
Ўзбек гастрономик туризм салоҳиятини малайзияликларга яқиндан таништириш учун ярмарканинг расмий очилиш куни ифторлик вақтида ўзбек палови тарқатилди.
Ўзбекистоннинг тарихий зиёратгоҳлари, бой маданияти, ўзбек миллий таомлари малайзияликларда катта таассурот қолдирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси







