Ўзбек тили – миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли
Октябрь 27, 2025. 11:03 • 3 дақ
• 151
ИСЛОМОБОД, 27 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишланган интерактив мулоқот ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Покистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тилшунос мутахассислар, мустақил лингвист изланувчилар, жамоатчилик, ОАВ вакиллари ва ватандошлар иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев байрам муносабати билан табрик нутқи сўзлади. У Ўзбек тили халқимиз маънавияти, миллий ўзлигимиз ва давлат суверенитетининг муҳим рамзи эканини таъкидлаб, унинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти, юртимизда давлат тилини янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида тўхталди.
Элчи, шунингдек, 1989 йил 21 октябрь – ўзбек халқининг ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган сана ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганини қайд этиб, бу халқимиз учун миллий уйғониши ва маънавий мустақиллик йўлидаги улкан қадам бўлганини қайд этди.
"1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу сана нафақат тил байрами, балки миллий ўзлигимизнинг, маданий меросимиз ва маънавий қадриятларимизнинг қайта тикланиш кунидир. Ўзбек тили нафақат миллий бирлик ва ифтихор тимсоли, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги имижи ва дипломатиясининг муҳим таркибий қисми ҳам ҳисобланади", – деди Ўзбекистон элчиси.
Дипломат, ўз маърузасида ўзбек ва урду тиллари ўртасидаги тарихий яқинликка эътибор қаратди. "Ўзбек ва урду тиллари ўртасида 4 мингдан ортиқ ўхшаш сўзлар мавжуд, – деди у. – Бу тасодиф эмас, балки халқларимиз орасидаги асрлар давомида шаклланган тарихий, маданий ва маънавий боғлиқликнинг ёрқин ифодасидир. Тилларимиздаги бу муштараклик келажакдаги умумий фаровонлик ва ҳамжиҳатлигимиз пойдевори бўлиб хизмат қилади.
"Diplomatic Focus" журнали бош муҳаррири Миан Фазал Илаҳи ўз навбатида ўзбек тилининг минтақа маданияти ва адабиёти ривожидаги таъсири тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ўзбек маданияти ва адабиётининг Жанубий Осиёга таъсири ҳозирга қадар тўлиқ очиб берилмаган. Шунга қарамасдан ўзбек мутафаккирлари, жумладан Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобурнинг илмий-адабий меросининг урду адабиёти, шеърияти ва тарихи шаклланишидаги муҳим ўрни доимо эътироф этилади. Бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифа – халқларимиз ўртасида узилиб қолган тарихий ришталарни қайта боғлаш, адабий ва маданий алоқаларни қўшма илмий тадбирлар ва лойиҳалар орқали жадаллаштиришдир", – деди Миан Илаҳи.
Урду тили бўйича изланувчи, Покистоннинг "Associated Press of Pakistan" марказий ахборот агентлиги халқаро таҳририяти муҳаррири Али Раза Алви икки давлат тилшунос олимлари ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш ва жадаллаштириш, ўзбек адабиёти намуналарини урду тилига, урду тилидаги нодир китобларни ўзбек тилига таржима қилиш, фильмларни ўгириш ва бошқа манфаатли йўналишларда ҳамкорлик қилиш икки халқ, хусусан ёшларда бир-бирлари тўғрисидаги хабардорликни оширишга замин яратишини таъкидлади.
Тадбирда сўз олган бошқалар ҳам Ўзбекистон раҳбариятининг миллий тил ва маданият борасидаги сиёсатини юксак баҳолаб, хорижда мазкур шаклдаги тадбирларни ташкил этиш халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, ўзаро маданий англашувни кучайтиришга хизмат қилишини урғуладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди
Ўзбекистон Конституцияси куни АҚШда кенг нишонланди