Камчаткада Навоий ва Бобурнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тарғиб қилинди
Февраль 12, 2026. 18:54 • 2 дақ
• 356
ПЕТРОПАВЛОВСК-КАМЧАТСКИЙ, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Россиянинг Камчатка ўлкасида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 543 йиллиги муносабати билан маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Семург” ўзбекистонликлар жамоат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган маданий-маърифий учрашувда Камчатка ўлкасида фаолият юритувчи ўзбек ва бошқа миллатларнинг диаспора ташкилотлари вакиллари, ватандошлар, талаба ёшлар, маҳаллий ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар Навоий ва Бобурнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, жамиятимизда тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Сўзга чиққанлар уларнинг ижодий-илмий мероси нафақат миллий маданиятимиз ва халқимиз, балки жаҳон адабиёти, илм-фани ва давлатчилиги тарихида ва адабий-эстетик тафаккурнинг шаклланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган бетакрор сиймоларимиз қаламига мансуб шеър, ғазал ва рубоийлардан парчалар ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда “Семург” ташкилоти раиси Гульноз Сафарова Навоий ва Бобурнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, уларнинг тарихи ва ўлмас асарларини юртимиз ва хорижда кенг тарғиб қилиш, хотираларини абадийлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида фикр билдирди.
Учрашув доирасида ўзбек миллий кийимлари, чолғу асбоблари, халқ амалий санъати буюмлари, фотосуратлар ва мамлакатимиз тарихи тўғрисидаги китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси