Logo

Ўзбекистон маданияти Сибирда кенг намойиш этилди

Март 26, 2026. 18:34 • 2 дақ

135
Ўзбекистон маданияти Сибирда кенг намойиш этилди

НОВОСИБИРСК, 1 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Новосибирскдаги Бош консуллиги дипломатлари Наврўз байрамига бағишлаб маданий-маърифий тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Новосибирск вилояти губернатори, шаҳар мэрияси, вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ва таҳлилий марказлар, йирик сайёҳлик компаниялари, маҳаллий ОАВ вакиллари, Новосибирскда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, “LIBWAY-2026” халқаро илмий-амалий конференцияси делегатлари ҳамда Сибирнинг Омск, Томск ва Кемерово вилоятларидан келган ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистон Бош консули Аслам Акбаров Наврўз байрами минг йиллар давомида халқлар ўртасида маънавий кўприк бўлиб хизмат қилганини таъкидлади. Унда мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари замонавий ҳаётда ҳам муҳим аҳамиятга эга экани, ўзбек халқининг юксак маънавий фазилатлари эса амалий эзгу ишларда намоён бўлаётгани қайд этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг қўшни давлатлар билан бирликда Марказий Осиё минтақасини тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантиришга қаратилган ташаббуслари эътироф этилди.

Новосибирск вилояти губернатори маъмурияти вакили Игорь Коньшин вилоят губернатори Андрей Травниковнинг табригини ўқиб эшиттирди ва Наврўз байрамининг Ўзбекистоннинг бой маданий ва тарихий меросини намоён этадиган аҳамиятига урғу берди.

Шаҳар мэри ўринбосари Ксения Антонова эса байрамнинг табиат ва инсондаги энг яхши фазилатларни намоён этиши ва кўп миллатли Сибирда кенг нишонланишини алоҳида қайд этди.

Тадбирда Наврўзнинг тарихи ва анъаналари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шу билан бирга, миллий қўшиқ ва рақслардан иборат маданий дастур тақдим этилди.

Новосибирск давлат консерваториясида вокал йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг яккахон чиқиши, жаҳон опералари ва машҳур ўзбек қўшиқлари ҳамда Томскнинг “Ярада” фольклор ансамбли ижросидаги рақслар тадбирда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Меҳмонлар ташкил этилган кўргазмада ўзбек ҳунармандлари томонидан тайёрланган сўзана, миллий либослар, амалий санъат буюмлари ва қўл меҳнати намуналари билан танишиш имконига эга бўлди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш