Истанбул университетида Наврўз байрами кенг нишонланди
Март 29, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 90
ИСТАНБУЛ, 29 март. /“Дунё” АА/. Туркияда Истанбул университети ҳамда Ўзбекистондаги Ренессанс олий таълим муассасаси вакиллари иштирокида Наврўзга бағишланган маданий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
Мазкур байрам тадбирида ўқитувчилар ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Бош консулхона дипломатлари иштирокчиларни байрам билан табриклаб, Наврўз инсонпарварлик, бағрикенглик, тинчлик ва янгиланиш рамзи эканини таъкидлади.
Шунингдек, дипломатлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, жумладан Ислом цивилизация маркази ва Имом Бухорий мемориал мажмуаси каби йирик лойиҳаларнинг иш бошлагани ҳақида маълумот берди.
Маданий дастур ранг-баранг, дўстона руҳда бўлиб ўтди. Унда ўзбек қўшиқлари ва куйлари, ғазалхонлик намуналари, анъанавий тўй маросимлари, жумладан “Келин салом” урф-одати саҳналаштирилди. Шу билан бирга, Наврўз анъаналари, тарихи ва мазмун-моҳияти ҳақида тақдимотлар намойиш қилинди.
Тадбирда намойиш қилинган миллий либослар ва фотосуратлар кўргазмаси, халқ ўйинлари, анъанавий қадриятлар ва миллий таомлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси