Кембриж университетида Наврўз шукуҳи: Марказий Осиё халқларининг бирлиги ва маданий мероси тараннум этилди
Март 25, 2026. 15:32 • 2 дақ
• 103
ЛОНДОН, 30 март. /“Дунё” АА/. Дунёнинг энг қадимий ва нуфузли билим юртларидан бири — Кембриж университетида халқаро Наврўз куни муносабати билан маданий-маърифий кеча бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тантанали тадбир Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми ҳамда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 250 нафардан ортиқ меҳмон, жумладан, Британия парламенти аъзолари, расмий, сиёсий ва академик доира вакиллари, Тожикистон, Қозоғистон ва Озарбайжон дипломатик миссиялари ходимлари, шунингдек, ўзбекистонлик талабалар ва ватандошлар иштирок этдилар.
Сўзга чиққан дипломатлар ва меҳмонлар Наврўзнинг теран маънавий моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Ушбу қадимий байрам халқлар ўртасида меҳр-оқибат, саховат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатларни мужассам этган ноёб инсоний анъана экани таъкидланди.
Маданий дастур доирасида Кембриж университети талабалари ҳамда Марказий Осиё давлатларининг ижодий жамоалари томонидан халқона чиқишлар намойиш этилди. Миллий қўшиқлар, жозибадор рақслар ва фольклор саҳналари орқали байрамнинг бетакрор руҳи жонли тарзда акс эттирилди.
Тадбирнинг энг диққатга сазовор қисми иштирокчи давлатлар томонидан ташкил этилган миллий кўргазмалар бўлди. Ўзбекистон миллий бурчагида мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти, нафис каштачилик ва ҳунармандчилик намуналари, амалий санъат асарлари кенг намойиш этилди. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлдилар.
Кембриж университети раҳбарияти тадбирни юксак савияда ташкил этишда Ўзбекистон дипломатик ваколатхонасининг муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этиб, миннатдорчилик изҳор этди. Қайд этилганидек, Наврўзнинг Марказий Осиё халқлари томонидан ҳамжиҳатликда нишонланиши минтақавий бирликнинг ёрқин намунаси бўлиб, халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи муҳим маданий кўприк вазифасини ўтамоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси