Logo

30 июнь – Ўзбекистон Ёшлари куни Беларусда ҳам кенг нишонланди

Июль 02, 2025. 15:52 • 58 сония

492
30 июнь – Ўзбекистон Ёшлари куни Беларусда ҳам кенг нишонланди

МИНСК, 2 июль. /"Дунё" АА/. Беларусь пойтахтида Ўзбекистон Ёшлари куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, ёшлар ташаббусларини илгари суриш ва ўсиб келаётган авлодда ватанпарварлик руҳини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Унда Беларусь олий ўқув юртлари, давлат тузилмалари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, ўзбекистонлик ва беларуслик талабалар иштирок этди.

Тадбир қатнашчиларига Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистон концепцияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўзбекистон элчихонаси ва Беларусь ёшлар ташкилотлари вакиллари ўз чиқишларида, ёшлар ҳар икки мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутишини таъкидладилар. Шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда, жумладан, Ўзбекистон-Беларусь муносабатларини янада кенгайтиришда ёшлар ўртасидаги яқин алоқаларнинг аҳамияти беқиёс эканлиги қайд этилди.

 Йиғилганлар эътиборига вокал чиқишлар, миллий ва замонавий ўзбек рақслари, шунингдек, икки мамлакат миллий либослари намойишини ўз ичига олган концерт дастур тақдим этилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида ўзбек халқининг бой маданияти ва анъаналари, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари акс этган фотосуратлар намойиши ҳамда қизиқарли танловлар ташкил этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш