Москвада Навоий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди
Февраль 10, 2026. 11:42 • 2 дақ
• 345
МОСКВА, 16 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Россиядаги элчихонасида буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг 585 йиллигига бағишланган “Алишер Навоий ва Шарқ ренессанси” мавзусида конференция бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир аввалида элчихона дипломатлари, ватандошлар ҳамда Москва давлат лингвистика университетининг ўзбек тилини ўрганаётган талабалари Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида иштирок этди.
Конференция доирасида Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг кўп қиррали жиҳатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Унинг мероси нафақат ўзбек, балки жаҳон маданиятига улкан ҳисса қўшгани эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов буюк мутафаккир Навоийнинг асарлари нафақат шоир яшаган бой тарихий даврни акс эттиради, балки бутун дунё бўйлаб тадқиқотчилар, адабиётшунослар ва шеърият ихлосмандлари эътиборини тортишда давом этаётганини таъкидлади.
Элчи меҳмонларга ўзбек халқининг тарихий меросига бўлган самимий қизиқиш ва бефарқ бўлмаган муносабат учун миннатдорлик билдирди.
Москва давлат иқтисодиёт университети проректори Георгий Грачев ҳамда Россия Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси профессори Игорь Кругових икки халқ ўртасидаги тарихий алоқалар муҳимлигини таъкидлаб, улар асрлар давомида шаклланган ва мамлакатларнинг маданий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатганини эътироф этди.
Иштирокчилар Алишер Навоийнинг бой тарихий мероси бугунги кунда ҳам долзарб бўлиб қолаётгани, унинг асарлари одамларни ижодкорлик ва ўз-ўзини такомиллаштиришга илҳомлантиришда давом этаётганини таъкидлади.
Конференцияда Навоий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган қисқа метражли ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Москва давлат лингвистика университетининг ўзбек тилини ўрганаётган талабалари томонидан буюк мутафаккирнинг ғазал, шеър ва достонлари ўқиб эшиттирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси