Ўш шаҳрида Ўзбек тили ва адабиёти, санъати ва маданияти кунлари бўлиб ўтди
Октябрь 19, 2025. 10:50 • 2 дақ
• 77
ЎШ, 19 октябрь. "Дунё" АА/. Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида "Ўзбек тили ва адабиёти, санъати ва маданияти кунлари" ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Бош консулхонаси, "Ватандошлар" жамоат фонди ва Ўш давлат университети қошидаги Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда "Ватандошлар" жамоат фонди, Ўш давлат университети раҳбарияти, профессор ўқитувчилари, Ўш шаҳридаги фаолият юритаётган ўзбек ва бошқа миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда Фарғона, Қўқон, Наманган, Андижон шаҳарларидаги олий таълим муассасалари профессор ўқитувчилари ва талабаларидан иборат мамлакатимиз делегацияси қатнашди.
Ўш давлат университети марказий майдонида ўзбек халқининг бой маданий меросини намоён этувчи миллий кийимлар, таомлар ва санъатга бағишланган кўргазма ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ўзбек тилининг тарихи, унинг ривожланиши, икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар ва маданиятлар ҳамоҳанглигига тўхталдилар.
Қирғизистон Ўзбек миллий маданий марказининг Жанубий вилоятлар бўйича координатори Одилжон Атаджанов бу тадбир нафақат маданий учрашув, балки икки қардош халқ ўртасидаги самимий муносабатларни янада мустаҳкамловчи маънавий майдонга айланганини таъкидлади. "Ўзбек тили ва адабиёти, санъати ва маданияти куни нафақат тил байрами, балки халқларимиз дўстлигининг рамзи, юксак маънавият ва ҳамжиҳатликнинг тимсолидир. Бундай учрашув ва ҳамкорликлар ёш авлод қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик, биродарлик ва дўстлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди", – деди у.
Ўзбекистон давлат филармонияси хонандалари Тўлқин Файзиев ва Диафруза Мирзаева ҳамда Андижон, Наманган, Фарғона ва Қўқон университетлари талабалари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.
Тадбирлар доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театрида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри жамоаси томонидан "Қайтар дунё" спектакли ҳам намойиш этилди.
Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек академик мусиқали драма театри ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Ушбу ҳужжат икки театр ўртасидаги ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва қўшма маданий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади. Томонлар қўшма спектакллар, ижодий фестиваллар ва бадиий жамоаларнинг ёш санъаткорлари учун маҳорат дарсларини ташкил этиш бўйича келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Умра зиёратчилари иштирокида маданий-маърифий тадбир ўтказилди
Италияда янгиланган Ўзбекистон Конституцияси эътироф этилди
Давлат рамзлари – мустақиллик тимсоли, фаровон ҳаёт гарови!
Жанубий Кореяда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун нишонланди
Ўзбекистон Конституцияси куни АҚШда кенг нишонланди