Logo

Ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш –масъулият

Октябрь 20, 2025. 10:37 • 54 сония

197
Ўзбек тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш –масъулият

БАНГКОК, 20 октябрь. "Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхона томонидан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Бангкок шаҳри ва унга яқин провинциялардаги ватандошлар ҳамда маҳаллий ишбилармонлар доираси вакиллари иштирок этди.

Бош консул Фахриддин Султанов ўз нутқида Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллиги кенг нишонланаётгани, ўзбек тилининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни, халқаро майдондаги обрўсини ошириш бўйича қилинаётган амалий ишлар ҳақида таъкидлади.

Қайд этилганидек, 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь "Ўзбек тили байрами куни" этиб нишонлаш белгиланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланиши, унда элатларнинг тарихи ва маданияти акс этишини таъкидладилар. 

Бангкок шаридаги Маҳараджвитая Чулаланкорн университети ўқитувчиси Бахтиёр Каримов она тилимизни асраб-авайлаш, ривожлантиришга ҳар бир фуқаро масъул эканлиги ҳақида гапирди.

Анжуман якунида Ўзбекистон киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Баҳодир Ялангтўш" тарихий бадиий фильми намойиш этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш