Венада ўзбекистонлик талабалар иштирокида Ўзбек тили байрами нишонланди
Октябрь 21, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 184ВЕНА, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида ватандош талабалар иштирокида Ўзбек тили байрамига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда мамлакатимиз дипломатлари ўзбек тилининг халқимиз миллий ўзлиги, тарихи ва маданий меросининг муҳим қисми сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидладилар. Хориждаги ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, дўстона алоқаларни ривожлантириш ва мураккаб вазиятларда ўзаро қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.
Тадбир доирасида ўзбек тили ва адабиётини Австрияда тарғиб қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Вена университети кутубхонасида ўзбек тили, адабиёти ва маданиятига бағишланган махсус китоб бурчагини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Жорий йил якунига қадар Вена университетида профессор-ўқитувчилар ва хорижий талабалар иштирокида “Ўзбекистон куни” тадбирини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ушбу ташаббус юртимизнинг бой тарихи, маданияти ва миллий қадриятларини халқаро академик ҳамжамиятга танитиш, Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги таълим ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашув давомида хорижда Ўзбекистон фуқароларига кўрсатиладиган консуллик-ҳуқуқий ёрдам ҳақида маълумот берилди. Мураккаб вазиятларга дуч келганда консулликка тезкорлик билан мурожаат қилиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари бир-бирлари билан яқиндан танишиш, фикр алмашиш ва янги дўстлар орттириш имкониятига эга бўлди. Меҳмонларга миллий таом – ўзбек палови тортилди.
Мазкур учрашув хорижда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, она тилимизга бўлган ҳурматни ошириш ҳамда миллий маданиятимизни Австрияда кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим ташаббус бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



