Пекинда турли давлат талабалари иштирокида Ўзбек тили байрами нишонланди
Октябрь 21, 2026. 11:30 • 4 дақ
• 187ПЕКИН, 21 октябрь. /“Дунё” АА/ Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбек тили куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбир ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 37 йиллигига бағишланди. Унда Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ва хорижлик талабалар, профессор-ўқитувчилар, ўзбек тили мутахассислари, ушбу давлатда ишлаётган ёки вақтинча бўлиб турган ватандошлар ҳамда дипломатлар қатнашди.
Учрашув давомида иштирокчиларга мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг мақомини мустаҳкамлаш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Иштирокчилар 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни деб белгилангани унутилмас тарихий воқеага айлангани, давлат тилининг нуфузи ва мақомини юксалтиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилингани, ушбу йўналишда 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга жорий этилаётганини таъкидлади.
Хорижий давлатлар ўқувчилари ўртасида Ўзбек тили ва адабиёти халқаро олимпиадасини ўтказиш йўлга қўйилгани она тилимизни кенг тарғиб қилишга хизмат қилаётгани қайд этилди.
Шу билан бирга, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатларнинг тиллари, маданияти ва қадриятларини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантиришга муҳим аҳамият берилаётгани эътироф этилди.
Учрашув доирасида ўзбек тилида нашр этилган китоблар тақдимоти, миллий либослар, тасвирий санъат намуналари ва миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Марварид Алимардонова, Пекин университети талабаси:
– Элчихонамизда ташкил этилган тадбир давомида Хитойдаги ватандошлар ҳамда хорижлик тенгдошлар билан учрашиб, улар билан фикр алмашдик.
Учрашув мазмунли ва дўстона кайфиятда ўтди. Хорижлик дўстларимиз тилимиз, маданиятимиз ва урф-одатларимизга катта қизиқиш билан қарашди.
Давлатимиз томонидан хориждаги ватандошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлардан бохабар бўлдик.
Ўз навбатида, биз ҳам хорижда ўзбек тилини тарғиб этиш ва маданиятимизни танитишга ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбек тили байрами куни билан чин кўнгилдан табриклайман.
Даниэль Гал-Хаюн, венгриялик талаба:
– Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этилган маърифий тадбир менда катта таассурот қолдирди.
Биз ўзбек тили нуфузининг жаҳон миқёсида тобора ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Албатта, бу ўзбек халқи учун фахр туйғусини уйғотади.
Суҳбат давомида бетакрор маданиятингиз билан танишдим, миллий таомларингиздан татиб кўрдим.
Бугунги учрашув давомида келгусида Ўзбекистонга боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
Анамариа-Стефаниа Андреи, британиялик талаба:
– Аввал ҳам Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, гўзал табиати ва одамларининг меҳмондўстлиги ҳақида эшитганман.
Бугунги учрашувда эшитганларимни ўз кўзим билан кўриш имконига эга бўлганимдан жуда бахтиёрман.
Ташкил этилган тадбир биз каби хорижлик талабалар учун жуда қизиқарли ва мазмунли бўлди.
Ўзбек тили жуда чиройли тил. Дўстларимиз билан суҳбатлашганда бунинг гувоҳи бўламиз. Ўзбекистонлик талабалар жуда ҳаракатчан ва тиришқоқ. Улар ўз маданияти ва урф-одатларига катта ҳурмат билан қарашади.
Пабло Висенте Вега Фернандез, испаниялик талаба:
– Ўзбекистон элчихонасида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами муносабати билан ташкил этилган тадбирда иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман.
Юртингиз ҳақида кўп эшитганман ва ижтимоий тармоқларда маданиятингиз ҳамда сайёҳлик имкониятларингиз ҳақидаги лавҳаларни мунтазам кузатиб бораман. Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги барчани ҳайратга солади.
Чжоуин Шао, хитойлик талаба:
– Бугун дўстларим билан Ўзбекистон элчихонасига келиб, тантанали тадбирда иштирок этганимдан мамнунман.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар минг йиллик тарихга эга. Бу дўстлик алоқалари қадимий Ипак йўли давридан буён ривожланиб келмоқда.
Сўнгги йилларда ўзаро муносабатларимиз барча соҳаларда янада тез суръатларда ривожланмоқда. Визасиз режим жорий этилгандан сўнг Ўзбекистонга хитойлик сайёҳлар оқими ошди. Ҳамюртларим мамлакатингизнинг ўзига хос жозибаси ва урф-одатлари билан танишиш учун юртингизга саёҳат қилиш имконига эга бўлдилар.
Биз, ёшлар ҳам, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга доимо интиламиз.
Фелипе Холгуин Баррера, колумбиялик талаба:
– Хитойда ўқиш жараёнида кўплаб ўзбекистонлик талабалар билан танишдим. Бугунги Ўзбек тили байрамига ҳам улар билан бирга келдим.
Тилнинг аҳамияти беқиёс, деб ҳисоблайман. У нафақат бошқалар билан мулоқот қилиш воситаси, балки миллий мерос ва ўзлигимизни ҳис қилишнинг ҳам муҳим қисмидир.
Барча дўстларимни Ўзбек тили куни билан самимий қутлайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



