Logo

Варшавада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туризм салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди

Октябрь 05, 2025. 11:14 • 2 дақ

66
Варшавада Ўзбекистоннинг бой маданияти ва туризм салоҳиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди

 ВАРШАВА, 7 октябрь. /"Дунё" АА/. Польшанинг Варшава шаҳрида Ўзбекистон туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган кўргазма ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир мамлакатимиз элчихонаси, Варшава аҳолини фаоллаштириш маркази ва машҳур поляк сайёҳи, этнографи Леон Барщевскийнинг эвараси Игор Строеский билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда маданий марказ раҳбарияти, ходимлари, маданиятшунос ва санъатшунос олимлар, машҳур поляк амалий санъат усталари ҳамда Варшава шаҳри аҳолиси иштирок этди.

Кўргазмада ўзбек халқи урф-одатлари ва анъаналарини ифода этган ноёб фотоматериаллар ҳамда ўзбек усталарининг амалий санъат асарлари намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистондан келган таниқли хонанда Камрон Эргашев томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади – фотосуратлар орқали Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ва анъаналари, шунингдек, республиканинг туризм соҳасидаги замонавий ютуқлари билан кенг жамоатчиликни таништириш ҳамда ўзбек санъатини намоён этишдан иборат бўлди.

Томаш Ярус, илмий тадқиқотчи:

 – Мен Ўзбекистон ҳақида жуда кўп эшитганман. Ўзбек маданияти менга жуда ёқади. Миллий ўзбек анъаналари, меҳмондўстлиги ва бой тарихидан катта таассурот олганман.

Бугунги тадбирда иштирок этганимдан жуда хурсандман. Бу каби мулоқотлар нафақат тажриба алмашиш, балки икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстлик ришталарини кучайтиришга ҳам хизмат қилади.

Мен Польшада шундай маданий тадбирларни кўпроқ ташкил этиш тарафдориман. Чунки бу орқали ёшларимиз бир-бирини яқиндан англайди, тафаккурлари кенгаяди ва янги ҳамкорлик имкониятлари очилади.

Келгусида Польша ва Ўзбекистон ўртасида таълим, санъат ва туризм соҳаларида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилишига ишонаман. Бу саъй-ҳаракатлар орқали маданий алоқаларимиз янада мустаҳкамланади.

 

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш