Logo

Мутахассислар Нукусда Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашувни муҳокама қилдилар

Апрель 21, 2025. 11:16 • 3 дақ

187
Мутахассислар Нукусда Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларни ҳал қилишда комплекс ёндашувни муҳокама қилдилар

ТОШКЕНТ, 22 апрель. /"Дунё" АА/. Халқаро Орол туризми ҳафталиги доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ўз фаолиятини минтақани тиклаш ва барқарор ривожлантириш муаммоларига бағишлаган етакчи мутахассис ва олимларни жамлаган "Оролбўйи эзгу ният элчилари" халқаро конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, Оролбўйи минтақасидаги экологик инқирозни ҳал қилишда илмий асосланган ва амалий йўналтирилган ёндашувларни ишлаб чиқишга салмоқли ҳисса қўшган уч нафар эксперт – Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Зиновий Новицкий (Ўзбекистон), Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети катта ўқитувчиси доктор Олалейкан Ибитойе (Нигерия) ва Синьцзян экология ва география институти халқаро алоқалар департаменти директори доктор Цяо Цзяньфан (Хитой) маърузалари алоҳида қизиқиш уйғотди.


Хусусан, Зиновий Новицский ўз маърузасида Оролбўйида экологик муаммолар мамлакат тарихида биринчи марта конституциявий даражада мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясининг 49-моддасига мувофиқ, давлат экологик тизимни муҳофаза қилиш ва тиклаш, шунингдек, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чораларини кўради. Ўрмонларнинг қуриган тубида мелиоратив ҳолатни яхшилаш бўйича алоҳида лойиҳалардан тизимли ва илмий асосланган тадбирларга ўтиш муҳимлигини таъкидлади.


Маърузачининг таклифлари орасида яйловлар яратиш учун қаторлар орасига ем-хашак ўсимликлари кўчатларини экиш, бундай кўчатларни етиштириш бўйича Миллий марказни ташкил этиш ва кейинчалик вилоят марказига айлантириш, экотуризмни ривожлантириш, Халқаро ёшлар экологик марказини ташкил этиш, Ўзбекистон ва Қозоғистон қуриган денгиз тубининг ўрмон мелиоратив ҳолатини ривожлантиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш киради.


Доктор Олалейкан Ибитойе ўз нутқида, ички денгизларнинг аҳамияти ва биологик хилма-хилликни сақлашнинг иқтисодий фаровонликка таъсирига эътибор қаратди. У Орол фожиаси бутун дунё учун яққол сабоқ бўлиши кераклигинги таъкидлади. Хусусан, ички сув ҳавзалари экотизимининг йўқолиши иқтисодиёт, аҳоли саломатлиги ва турмуш даражасига бевосита таъсир қилади.


Минтақада биологик хилма-хилликни сақлаш нафақат экологик, балки қайта тиклашнинг иқтисодий дастагига айланиши, экотуризм, экологик йўналтирилган қишлоқ хўжалиги ва барқарор бандлик шаклларини ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин. У мамлакатлар ўртасида илмий алмашинув зарурлигига, экологик таълимни минтақавий ва халқаро барқарор ривожланиш дастурларига интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратди.


Доктор Цяо Цзяньфаннинг маърузаси Орол денгизи минтақаси экологияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликка бағишланди. Олим минтақа давлатлари раҳбариятлари томонидан белгиланган стратегик вазифаларни амалга ошириш учун қўшма илмий тадқиқотлар ва амалий лойиҳаларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" учинчи халқаро ҳамкорлик форумида илгари сурилган Марказий Осиёда "яшил" технологияларни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси муҳим ташаббуслар қаторига киради. Маърузачи Орол бўйича тадқиқотларга ҳозирда 90 га яқин давлат, жумладан, Германия, АҚШ, Хитой, Россия ва Ўзбекистон қўшилганини маълум қилди.


Эксперт, шунингдек,  халқаро иштирок янада кенгайишига ишонч билдирди. У минтақанинг турли ҳудудларида шамол эрозияси хавфини баҳолаш бўйича маълумотларни тақдим этиб, Орол денгизининг шарқий қисми энг юқори хавф зонасида – 93 фоиз эканлигини таъкидлади. Орол денгизи тубидаги чанг жуда катта масофаларга — Шимолий муз океани, Эрон, Япония ва ҳатто Францияга тарқалади. Қўшма экспедициялар доирасида қурийдиган тубини ҳам, Амударё дельтасини ҳам қамраб олган 43 та тадқиқот ҳудуди ташкил этилди. 2025 йилга мўлжалланган тадбирлар қаторида Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларида бешта галофит ботаника боғи барпо этиш, гермплазма банкини ташкил этиш ва шўрхок ҳудудларни экологик жиҳатдан бошқариш соҳасида Марказий Осиё салоҳиятини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Шунингдек, маърузачи Тошкент шаҳрида сув ресурслари мониторинги, чўлланишга қарши курашиш ва биохилма-хилликни сақлаш соҳасида минтақавий марказга айланадиган янги Марказий Осиё экологияси ва атроф-муҳит илмий тадқиқот маркази фаолиятининг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.


Тақдимотлар Оролбўйининг қайта тикланиши илмий ёндашув, халқаро ҳамкорлик ва давлатлар томонидан тизимли ёрдам кўрсатишни талаб қилишини кўрсатди. Тақдим этилган ташаббуслар нафақат келгусидаги ишлар йўналишларини белгилаб беради, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ва экологик йўналтирилган ривожланишига асос бўлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш