Logo

Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари вакиллари Германияда бўлиб ўтган нуфузли халқаро кўргазмада иштирок этди

Январ 15, 2024. 11:44 • 4 дақ

198
Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари вакиллари Германияда бўлиб ўтган нуфузли халқаро кўргазмада иштирок этди

БЕРЛИН, 15 январь. /"Дунё" АА/. 9-12 январь кунлари Германиянинг иқтисодий марказларидан бири бўлган Франкфурт-Майн шаҳрида "HEIMTEXTILE – 2024" дунёдаги нуфузли халқаро тўқимачилик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакати иштирок этаётган тадбирда мамлакатимизнинг ГФРдаги дипломатия ваколатхоналари ташаббуси билан Ўзбекистон Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳамда "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси кўмагида мамлакатимизнинг 20 та етакчи тўқимачилик корхоналари 200 квадрат метрга эга майдонга жойлаштирилган "Made in Uzbekistan" миллий стендида ўз маҳсулотларини намойиш этдилар.

Кўргазма доирасида Европанинг нуфузли компаниялари билан сармоявий ва экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида бир қатор B2B учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувлардан кўзланган мақсад Европанинг кўплаб корхоналарини Ўзбекистонга кенгроқ жалб этиш ҳамда экспорт шартномаларини кўпайтириш бўйича аниқ таклифларга эришишдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилари Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг асосий қисми Германия ва Польша давлатлари ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимиздан Германияга ип-калава, турли матолар, шунингдек, сумка, чойшаб, сочиқ сингари тайёр маҳсулотлар етказилмоқда. Германия дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўйлак, костюм-шим ва бошқа кийим-кечак турлари ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда.

Бунда 2021 йилдан буён "GSP+" тизими доирасида 6 минг 200 турдан ортиқ маҳсулотларни ЕИга экспорт қилишда имтиёзли божлар қўлланилаётгани, ўз навбатида, тўқимачилик саноати корхоналарининг ҳам Европа бозорларига ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб киришни кафолатланганлиги муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар туфайли ўзбек пахтаси жаҳон бозорида ўз нуфузини қайта тиклагани ва БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) 2020 йилда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилганини расман тасдиқлагани, тўқимачилик саноатини ривожлантириш ва асосий меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлиги кўплаб халқаро брендларнинг ҳам мамлакатимизга бўлган қизиқишини ортишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг ГФРдаги дипломатия ваколатхоналари ташаббуси билан мамлакатимиз делегацияларининг сўнги вақтларда немис халқаро брендлари билан учрашувлари натижаси ўлароқ "C&A", "S.Oliver", "Digel", "Carl Gross", "New Yorker Fashion", "Falke", "Dibella", "Koppermann" ва бошқа компаниялар миллий ишлаб чиқарувчиларимиз билан турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликларини билдиришмоқда.

"Gesamtmasche" Германия тўқимачилик саноати ишлаб чиқарувчилар ассоциациясининг Ўзбекистон-Германия ҳамкорлиги лойиҳаси бўйича масъули Алекса Битцер:

- Ўзбекистондаги бевосита ҳамкоримиз "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси билан биргаликда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва айниқса ўзбекистонлик текстиль соҳаси корхоналари ишчиларининг жаҳон стандартлари даражасида малакасини ошириш борасида иш олиб боряпмиз. Мақсадимиз ўзбек корхоналарида немис харидорлари талабига мос юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшиш. Ўз навбатида, немис тўқимачилик компаниялари ҳам Ўзбекистонда ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлмоқдалар.

"Xetma Vollenweider" МЧЖ компанияси иш бошқарувчиси Ҳолгер Деглау:

- Ўзбекистонда компаниямиз мижозлари кўпчиликни ташкил этади. Фирмамиз томонидан ишлаб чиқарилган техник жиҳозлар Ўзбекистондаги тўқимачилик корхоналарида кенг фойдаланилмоқда. Мазкур корхоналарнинг сифатли маҳсулотлар билан ушбу кўргазмада иштирок этаётганликларидан жуда мамнунмиз. Ўзбекистон барча соҳалар каби тўқимачилик соҳасида ҳам катта муваффақиятларга эришаётгани қувонарли ҳолдир. Айни вақтда Ўзбекистонда "Textima" номи билан ваколатхонамиз муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

"Langheinrich" пахта толаси ва текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш компанияси раҳбари Буркҳард Оел:

- 1832 йилда ташкил этилган "Langheinrich" фирмаси 190 йиллик тарихга эга йирик компаниялардан ҳисобланади. Биз Бухородаги "Sara Group" фирмаси билан ҳамкорликдаги фаолиятимизни бошлаганимизга бир йилдан ошди. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар, ишлаб чиқарувчилар учун яратилган қулай шароитлар, пахта хом-ашёси ва ишончли шерикларнинг мавжудлиги туфайли биз мамлакатингизни иқтисодий ҳамкор сифатида танладик. Бухоро шаҳрида ўз маҳсулотларимизни ишлаб чиқараётганимиздан ва бу ҳамкорликдан жуда мамнунмиз. Ўзбекистонда ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизни халқаро бозорга олиб чиққанимиздан хурсандман. Хусусан, бугунги кунда Германиянинг "Lufthansa" авиакомпанияси учун маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Кейинги маррамиз "Metro" савдо дўконларида маҳсулотларимиз сотувини йўлга қўйишдан иборат. Айни пайтда мазкур компания билан шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) барқарорлик, пахта ва текстиль сектори бўйича лойиҳа раҳбари Жина Бургер:

- Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонда текстиль соҳасини экологик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида яқиндан қўллаб-қувватлаб келмоқда. Биз шунингдек, мамлакатдаги тўқимачилик соҳаси ишлаб чиқарувчиларининг экологик ва ижтимоий стандартларни таъминлаш бўйича эришган ютуқларини халқаро, аниқроғи Германия бозорида тарғиб этишга кўмаклашамиз. Ушбу нуфузли кўргазмада ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг иштирокидан мамнунмиз. Мазкур тадбирдан олдин биз улар билан маҳсулотларни кўргазмада муваффақиятли намойиш этиш, текстиль соҳасида талаб этиладиган экологик ва ижтимоий стандартлар ва уларни амалда қўллаш усуллари бўйича махсус тренинглар ўтганмиз. Кўргазмага иштирокимиздан мақсад текстиль соҳасидаги ҳамкор корхоналарнинг халқаро бозорда жаҳон стандартлари бўйича эришаётган ютуқларини янада яхшироқ кўрсатиш усулларини аниқлаш ва таҳлил қилишдир.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш