Ўзбекистон ва Германия хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳамкорлик қилади
Июнь 10, 2025. 15:15 • 2 дақ
• 94
БEРЛИН, 10 июнь. /"Дунё" АА/. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги "Микрокредитбанк" АТБ вакиллари ва тадбиркор аёллардан иборат мамлакатимиз делегацияси Германияга ташрифи доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Германиянинг "Sparkassenstiftung for International Cooperation e.V." жамғармаси ва мамлакатимиз элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур ташрифдан мақсад икки мамлакат ўртасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бу соҳада узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимиз компаниялари ва немис жамғармалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборат бўлди.
Хусусан, Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги, Иқтисодиёт ва энергия федерал вазирлиги, Қишлоқ аёллари уюшмаси, Жамғарма кассалар Молия гуруҳининг хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича ташкилоти ва бошқа қатор ташкилот раҳбар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари, мамлакатимиз делегацияси аъзолари Потсдам шаҳридаги "Mittelbrandenburgische Sparkasse" банки ва банк академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Ташриф доирасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, "Hamroh" хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси, "Микрокредитбанк" АТБ ва Германиянинг "Sparkassenstiftung for International Cooperation e.V." жамғармаси ўртасида имзоланган ҳамкорликка оид ҳужжатларга кўра, эндиликда жамғарма компанияга тадбиркор аёлларнинг молиявий саводхонлигини ошириш ва бизнес юритиш бўйича ўқитиш дастурларига кўмаклашади.
Бундан ташқари, ҳужжатда тадбиркор аёлларга "Микрокредитбанк" орқали мақсадли кредитлар ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, Германиянинг "West-Östliche Begegnungen" жамғармаси билан "Hamroh" хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси ўртасида имзоланган ҳужжатлар маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, аёллар етакчилиги бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва фуқаролик жамиятида қарорлар қабул қилишда аёллар иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Ўзбекистонда аёллар бошчилигидаги корхоналарнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган молиявий саводхонликни ривожлантириш, бизнес-режалаштириш ва салоҳиятни ошириш дастурларини ишлаб чиқиш, маҳаллий молия институтларининг тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш имкониятлари, жумладан, грантлар ёки субсидияланган кредит линиялари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, "Микрокредитбанк" АТБ ва Германиянинг "Sparkassenstiftung for International Cooperation e.V." жамғармаси ўртасида ҳам ҳамкорликка оид ҳужжатлар имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Чехия ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилади