Logo

Ўзбекистон ва Покистоннинг Мўлтон шаҳри ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади

Август 28, 2025. 12:35 • 2 дақ

44
Ўзбекистон ва Покистоннинг Мўлтон шаҳри ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқалари кенгайтирилади

МЎЛТОН, 28 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекстоннинг Покистондаги элчихонаси ходимлари амалий сафар билан Панжоб вилоятининг йирик саноат маркази – Мўлтон шаҳри бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Сафар икки давлат ўртасида иқтисодий дипломатия йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш, янги ва истиқболли лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказиш мақсадида ташкил этилди.

Ташриф доирасида Мўлтон Савдо-саноат палатаси вице-президенти Моҳсин Хаважа билан учрашув бўлиб ўтди.

Моҳсин Хаважа Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиёда минтақавий боғлиқликни чуқурлаштириш ташаббусини юқори баҳолади ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари ва махсус иқтисодий зоналар фаолияти ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

Икки томонлама савдо ҳажмини кенгайтириш, ўзаро инвестицияларни кўпайтириш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, тижорат таклифлари бўйича тезкор маълумот алмашиш, товар айирбошлашда муқобил савдо механизмларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Покистонлик ҳамкорлар Ўзбекистонда ўтказиладиган саноат кўргазмаларида иштирок этишга қизиқиш билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегацияларини Мўлтон шаҳрида қабул қилишга тайёр эканлигини қайд этди.

Покистон томони Мўлтон Савдо-саноат палатасининг Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдириб, мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ва истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун манфаатдор томонлар ўртасида онлайн учрашув ўтказишни таклиф қилди.

Томонлар Ўзбекистонда Мўлтон маҳаллий маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш масаласини кўриб чиқди, тегишли ташкилий масалаларни ҳамкорликда мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

Сафар доирасида ҳудуднинг йирик ишлаб чиқарувчилари – "KTM Leather" чармни қайта ишлаш заводи ва "Masood Roomi" тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишилди.

Замонавий илғор технологиялар асосида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчи "KTM Leather" компанияси маҳаллий ва халқаро бозорларда мустаҳкам мавқега эга бўлиб, "Zara", "H&M", "Walmart" каби йирик брендлар билан ҳамкорлик қилади.

Корхона раҳбари Хаважа Меҳр Али Ўзбекистонда яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳолаб, мамлакатимизда чарм саноати соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Уй текстили соҳасида фаолият юритувчи "Masood Roomi" корхонасида бўлиб ўтган учрашувда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли – хомашё тайёрлаш ва тўқув операцияларидан тортиб, тайёр маҳсулотларни тикиш, пардозлаш ва қадоқлашгача бўлган жараён билан яқиндан танишилди.

Компания раҳбарияти билан Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида "Home Textile" усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконияти муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунида томонлар бу форматдаги мулоқотни давом эттириш, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ўзаро ташрифларни амалга ошириш юзасидан келишиб олди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш