Ўзбекистоннинг Ҳиндистон, Қатар, Беларусь, Исроил ва Кувайтдаги элчилари Қашқадарё вилояти мутасаддилари ва тадбиркорлари билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Май 06, 2025. 10:01 • 2 дақ
• 108
ҚАРШИ, 6 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Исроил, Ҳиндистон, Қатар, Беларусь ва Кувайтдаги элчилари Жаҳонгир Аминов, Сардор Рустамбаев, Ашраф Ходжаев, Раҳматулло Назаров ва Аюбхон Юнусов ишчи ташриф билан Қашқадарё вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Қашқадарё вилоятининг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туристик салоҳияти ўрганилди, вилоят мутасаддилари билан ҳудудга хорижий инвесторларни таклиф қилиш, истиқболли йўналишлардаги қўшма лойиҳаларга хориждан шерикларни жалб этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон дипломатлари Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов билан учрашдилар. Вилоят раҳбари хорижий давлатлар, билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлар, инфратузилма ва логистика шароитлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Қашқадарё вилоятида Беларусь билан оёқ кийимлар, шарбатлар, тайёр кийим-кечак, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳиндистон билан фармацевтика, нанотехнологиялар ва элита уруғчилик бўйича ҳамкорлик кенгайяпти. Кувайт компаниялари билан нефть-кимё соҳасида умумий қиймати 850 миллион долларлик ишлаб чиқариш лойиҳалари кўзда тутилган.
Исроил билан фармацевтика, IT ва "ақлли" қишлоқ хўжалиги, Қатар билан эса балиқчилик, саҳро туризми ва чорвачилик йўналишларида ҳамкорлик режалаштирилган.
Томонлар Қашқадарё вилояти ва хорижий мамлакатлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий муносабатлар, таълим, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги истиқболли дастурларни амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.
Сафар давомида Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари воҳа тадбиркорлари билан ҳам мулоқот қилдилар. Унда Қашқадарёда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотларни чет давлатларга экспорт ҳажмини яна ошириш, янги бозорлар топиш ва савдо уйларини ташкил этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Қашқадарёлик тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ва хизматлари тўғрида батафсил тақдимот ўтказишди. Учрашув якунида, миллий маҳсулотларни хорижий бозорларга экспортини кўпайтиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси