Logo

Ўзбекистоннинг Беларусь, Кувайт ва Ўмондаги элчилари Самарқанд вилоятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшадилар

Май 08, 2025. 17:14 • 2 дақ

53
Ўзбекистоннинг Беларусь, Кувайт ва Ўмондаги элчилари Самарқанд вилоятини янада ривожлантиришга ҳисса қўшадилар

САМАРҚАНД, 8 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров, Кувайтдаги элчи Аюбхон Юнусов ва Ўмондаги элчи Абдусалом Хатамов Самарқанд вилоятига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари сафар давомида вилоят раҳбарияти, ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувлар ўтказди ва етакчи корхоналар фаолияти билан танишди.

Хусусан, Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев билан кечган мулоқот чоғида хорижий мамлакатларда вилоятнинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм имкониятларини кенг тарғиб қилиш, салоҳиятли инвесторларни жалб этиш, ҳудудда етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти ҳажмини янада ошириш тўғрисида фикр алмашилди.

Самарқанд вилоят раҳбари хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш учун мавжуд имкониятлар, инфратузилма ва логистика ҳақида батафсил маълумот берди. Таълим соҳасида илм-фанни янада ривожлантириш бўйича чет давлатлар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг тажрибаларини ўрганиш зарурлигини таъкидланди. 

Самарқанд вилояти ва хорижий мамлакатлар ўртасида инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий муносабатлар, таълим, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги истиқболли дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистонинг Беларусдаги элчиси Раҳматулла Назаров Самарқанд вилоятининг Беларусь билан ҳамкорлигини яна ривожлантириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди. Жумладан, сут маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги жиҳозлари ишлаб чиқарувчилар билан қўшма кластерлар очиш, Самарқанддан полиз маҳсулотларини ушбу давлат бозорига етказиб бериш ва бунинг учун логостикани ривожлантириш, Самарқанд ва Минск университетлари билан талабалар алмашинуви, илмий лойиҳалар бўйича иш олиб бориш, Минск – Самарқанд йўналишида авиқатновларни ташкил этиш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Ҳатамов Самарқанднинг туризм соҳасидаги салоҳияти ва мавжуд имкониятларини Султонликда кенг тарғиб этишга эътибор қаратди. "Чунки, Ўмонда юртимиздаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас масканларга қизиқиш жуда юқори. Агар Маскат –Самарқанд йўналишида доимий ёки мавсумий чартер авиақатновлар йўлга қўйилса, бу қулай имконият бўлади. Шунингдек, ўмонлик туроператорлар учун Самарқандга инфо-турлар ташкил этиш, сайёҳларга махсус турпакетлар таклиф этиш ҳам ўз самарасини бериши табиий", деди элчи.

Юртимизнинг Кувайт элчиси Аюбхон Юнусов Самарқандда "Кувайт бизнес маркази" очиш, Кувайт фонди билан вилоятимизда инфратузилма, йўл қурилиши, сув таъминоти ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни молийлаштиришни таклифини билдирди. "Кувайт университетлари билан ҳамкорликда Самарқандда исломшунослик, ҳуқуқшунослик ва тиббиёт йўналишларида қўшма таълим дастурларини очиш бўйича ҳам таклифлар бор", деди элчи Аюбхон Юнусов.

Мулоқот якунида билдирилган таклифлар асосида "Йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш