Logo

Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти Гуанчжоуда ўтган халқаро кўргазмада тақдим этилди

Июль 03, 2025. 16:04 • 2 дақ

71
Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм салоҳияти Гуанчжоуда ўтган халқаро кўргазмада тақдим этилди

ГУАНЧЖОУ, 3 июль. "Дунё" АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Гуанчжоу шаҳрида бўлиб ўтган "China International Small and Medium Enterprises Fair" кўргазма иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Кўргазма давомида Хитой компаниялари вакиллари учун Ўзбекистоннинг инвестициявий ва туризм имкониятларига бағишланган тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти, хорижий компаниялар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, ҳудудларнинг драйвер тармоқлари ҳамда истиқболли лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Тадбир иштирокчилари давлатларимиз ўртасида жорий этилган визасиз режим ва ҳудудлараро авиақатновлар сонининг мунтазам ошаётгани ўзаро савдо-иқтисодий алмашинувларни фаоллаштиришга, бизнес вакиллари ҳамда туризм компаниялари учун қўшимча имкониятлар яратишини таъкидладилар.

 Кўргазма майдонида Гуандун бизнес федерацияси вице-президенти Гао Йилин билан музокара ўтказилди. Унда Хитой ишбилармон доиралари вакилларининг юртимиз ҳудудларига бизнес-миссиясини ишлаб чиқиш, хорижий инвесторлар учун таклиф этилаётган истиқболли лойиҳаларни ўрганиш, форум, кўргазма ва ярмаркалар ишида икки мамлакат тадбиркорлари иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 "China International small and Medium Enterprises Fair" кўргазмаси 2004 йилдан бери Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги ва Гуандун провинцияси ҳукумати томонидан ўтказиб келинмоқда. Унда  ҳар йили 1000 дан ортиқ корхоналар иштирок этади. 100 мингдан ортиқ ташриф буюрувчиларни жалб қиладиган мазкур платформа маҳаллий бизнес доираларга ўз маҳсулотларини намойиш этиш, глобал харидорлар билан мулоқот қилиш ва янги бизнес имкониятларни ўрганиш имконини беради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш