Logo

Ўзбекистоннинг Покистон, Афғонистон ва Мисрдаги элчилари Сирдарё вилояти билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ўрганди

Май 02, 2025. 12:03 • 2 дақ

85
Ўзбекистоннинг Покистон, Афғонистон ва Мисрдаги элчилари Сирдарё вилояти билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини ўрганди

ГУЛИСТОН, 2 май. "Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси Алишер Тўхтаев, Афғонистондаги элчиси Ойбек Усмонов ва Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев хизмат сафари билан Сирдарё вилоятида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида ҳудуднинг экспорт ва инвестициявий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ўрганилди.

Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Фахриддин Қўшоқов ҳамда вилоят раҳбарияти билан учрашув ўтказилди. Унда саноат, тўқимачилик, қурилиш, фармацевтика соҳаларида Покистон, Афғонистон ва Миср билан иқтисодий дипломатия йўналишидаги алоқаларни жадаллаштириш, ушбу мамлакатлардан инвесторлар жалб қилган ҳолда қўшма саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоят мутасаддилари ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар, инфратузилмани янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар, эркин иқтисодий зоналардаги имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берди.

Сирдарё вилояти тадбиркорлари делегацияларининг Афғонистон, Покистон ва Мисрга бизнес-миссияларини уюштириш, ушбу мамлакатлардаги савдо уйларида Сирдарё маҳсулотлари кўргазмаларини ташкил этиш, вилоятда ўтказиладиган кўргазма ва бизнес-форумларга хорижий ишбилармонларни таклиф этиш тўғрисида келишиб олинди.

 Дипломатлар, шунингдек, Покистоннинг "Getz Pharma" компанияси томонидан "Сирдарёфарм" эркин иқтисодий саноат зонасида ташкил этилган "Novugen Pharma" фармацевтика заводига ташриф буюрдилар. Корхона фаолияти ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлар билан танишилди.

"Getz Pharma" раҳбари Халид Маҳмуд билан онлайн тарзда музокара ўтказилди. Унда янги турдаги маҳсулот ҳисобига ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш, завод фаолиятига замонавий биотехнологик линияларни жорий этиш, янги иш ўрни яратиш масалаларида келишувларга эришилди.

"Novugen Pharma" завод раҳбари Жавид Хан билан компаниянинг Покистон ва Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш қувватлари базасида ўзбек мутахассислари ва талабалари учун грант асосида амалиёт ҳамда малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш юзасидан аҳдлашиб олинди.

Ўзбекистон элчиларини, шунингдек, Боёвут ва Янгиер туманларида ҳам бўлиб, ушбу ҳудудлардаги саноат объектлари ва эркин иқтисодий зоналар салоҳиятини ўрганди. Ушбу туманларда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Афғонистон, Покистон ва Мисрга экспорт қилиш имкониятлари бўйича фикр алмашилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш