Logo

Ал-Кувайтда Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди

Июль 07, 2025. 21:21 • 2 дақ

103
Ал-Кувайтда Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири бўлиб ўтди

АЛ-КУВАЙТ, 7 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Кувайтдаги дипломатик ваколатхонаси ташаббуси билан Ўзбекистоннинг инвестициявий, экспорт ва туристик салоҳиятига бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.



Унда Кувайтнинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари, туркомпаниялар раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирок этди.

Йиғилганларга Ўзбекистонда савдо-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, ташқи савдони ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, эркин иқтисодий зоналар ва саноат ҳудудлари фаолияти, хорижий инвесторлар ва импортёрлар учун яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистоннинг ҳудудларида турли соҳаларда сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Хорижий инвесторлар ўз капитали асосида ёки маҳаллий шериклар билан биргаликда қўшма бизнес лойиҳаларни амалга оширишлари учун зарур шароитлар яратилиши таъкидланди. Шунингдек, Кувайт бизнеси Ўзбекистонга сармоя киритишга чақирилди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистондан мевалар экспортини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Элчихона саъй-ҳаракатлари билан 2024 йилда биринчи маротаба Ўзбекистондан 20 тонна мева Кувайтга экспорт қилингани маълум қилинди. Бу йўналишда шерикликни мустаҳкамлаш учун зарур кўмак кўрсатилиши урғуланди. 

Кувайт томони Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, оммабоп туризм йўналишлари ҳамда бой маданий ва тарихий мероси билан танишди.

Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби амал қилаётгани маълум қилинди. 2025 йил 1 июндан бошлаб Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани тадбир қатнашчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

"Kuwait Investment Co." компанияси вакили Талол ар-Рашдан Ўзбекистонга қилган сафарлари ва мавжуд инвестициявий муҳит ҳақида тўхталиб ўтди.

– Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти жуда юқори, турли лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд, – деди у. – Шунингдек, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик, сайёҳларнинг республиканинг турли ҳудудларини зиёрат қилиши учун шароит яратади. Ўзбек миллий таомларининг мазаси эса алоҳида мавзу. Уларни Ўзбекистонга бориб, ўзбек миллий таомлари ресторанларида маҳоратли ошпазлар қўлидан татиб кўришга нима етсин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш