Олтой компанияси Ўзбекистонда фитотерапевтик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда
Август 09, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 143
БАРНАУЛ, 9 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консули Аслам Акбаров Олтой ўлкасидаги етакчи компаниялардан бири — “Алфит” раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда компаниянинг замонавий фитотерапевтик маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига олиб кириш ва уларнинг савдосини йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида “Алфит плюс” компанияси вакилларини жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётган Олтой ўлкаси бизнес-миссияси таркибига киритиш таклиф этилди.
Музокаралар якунида “Алфит” компаниясининг яқин вақт ичида Тошкент шаҳрида ўз ваколатхонасини очиши, кейинчалик Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этиши бўйича келишувга эришилди. Ҳамкорликнинг кейинги босқичида ишлаб чиқаришни “Чирчиқ” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида маҳаллийлаштириш режалаштирилмоқда.
“Алфит” компанияси 350 дан ортиқ турдаги фитомаҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, унинг маҳсулотлари қаторига капсула шаклидаги фитойиғмалар, ўсимлик экстрактлари, махсус косметика воситалари ҳамда шакар қўшилмаган қандолат маҳсулотлари киради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси