Logo

Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Июль 12, 2025. 12:07 • 2 дақ

118
Анқарада Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

АНҚАРА, 12 июль. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия Ташқи иқтисодий алоқалар кенгашининг (DEİK) Туркия-Ўзбекистон қўмитаси раиси Ўзгюр Онур Ўзгювен ва қўмита аъзолари билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларга оид ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва мамлакатимиз салоҳиятини турк ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида янада кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.


Ўзбекистонда энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, ахборот технологиялари соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига эътибор қаратилди. Аниқ келишувларга эришиш учун Ўзбекистон ва Туркия бизнеси ўртасида "G2B" ва "B2B" шаклидаги учрашувларни ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.


Шунингдек, "12 ой 12 вилоят" шиори остида Ўзбекистон ва Туркия ҳудудлари ўртасида амалга оширилаётган вебинар лойиҳасини мазмунан бойитиш муҳимлиги қайд этилди.


– Жорий йилнинг биринчи ярмида Бухоро, Хоразм, Наманган, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда муҳим иқтисодий тадбирларни ташкил этдик, – деди қўмита раиси Ўзгюр Онур Ўзгювен. – Улар якунлари бўйича аниқ келишувларга эришилди. Шунингдек, Ўзбекистон томони билан биргаликда ишлашга қизиқиш билдирган ва қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқчи бўлган турк компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини амалга оширишни режалаштиряпмиз.


Мулоқот якунида Ўзбекистонда давлат хусусий-шериклик асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш, ўзаро бизнес-миссияларни ташкил қилиш ва қўшма иқтисодий тадбирлар ўтказиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш