Давосда тақдимот: Ўзбекистон – ҳамкорлар ва инвесторлар учун катта имкониятлар мамлакати
Январ 29, 2026. 10:24 • 2 дақ
• 219
ДАВОС, 29 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Швейцарияда бўлиб ўтган илмий-амалий конференцияда иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Швейцариянинг “SwissCham Asia” томонидан Давос-Клостерс ҳокимияти, “Singularity” академияси ҳамда АСЕАН ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Rewiring the World” деб номланган мазкур конференцияда дунёнинг турли давлатларидан сиёсий, илм-фан, иқтисодиёт, бизнес доира ва дипломатик корпус вакиллари қатнашди.
Тадбирда ҳозирги кунда жаҳонда юз бераётган сиёсий воқеалар, уларнинг давлатлар суверенитети ва хавфсизлигига таъсири, сўнгги йилларда технологиялар, сунъий интеллектни жадал ривожлантириш ва ҳукумат бошқарувига татбиқ этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда айрим давлатлар ўртасида юзага келаётган можаролар ва уларни куч билан ҳал этишга ҳаракат қилиш, зиддиятларни бартараф қилишда белгиланган халқаро ҳуқуқ меъёрларидан ташқарига чиқиш каби ҳолатлар иккинчи жаҳон урушидан кейин ўрнатилган тартиб ва глобал хавфсизликка таҳдид солаётганига урғу берилди.
Бундай вазиятларни олдининг олишда халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан кўрилаётган чоралар заиф ва самарасиз бўлгани боис, бу каби муассасалар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, замон талабига мос равишда ислоҳ қилиш, лозим бўлса, кенгроқ ваколатлар бериладиган халқаро ташкилотларни тузиш ҳақида фикрлар билдирилди.
Шу билан бирга, анжуманда иқтисодиётга четдан капитал жалб қилиш, инвесторлар ишончини қозониш, демография ва унумдорлик каби иқтисодиётга оид мавзулар ҳам муҳокама қилинди. Турли давлатларда мазкур йўналишларда эришилган ютуқлар, қўлланилаётган тадбирлар ҳақида фикр алмашилди.
Тадбирда қатнашган Бош консулхона ходими мамлакатимиз иқтисодиётида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлади. Республикамиз иқтисодиёти жадал суръатлар билан ўсиб бораётгани ва ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард АҚШ долларига етгани таъкидланди.
Жалб қилинган инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, юртимизда хорижий инвесторлар томонидан ташкил этилган 18 мингта корхона фаолияти ҳақидаги маълумот анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида қонунчиликда амалга оширилган ислоҳотлар, хорижий валютани эркин конвертациясини таъминлаш, инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, маблағларни мажбурий мусодара қилмаслик, фойдани эркин репатриация қилиш ва барқарорлик кафолатлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл лойиҳаси, Термиздаги “Айритом” логистика маркази қатнов вақти ва юк ташиш харажатларининг сезиларли даражада камайтириши, минтақавий логистикани яхшилаш, Ҳинд океани портларига чиқиш имконини бериш борасида ҳам тўхталиб ўтилди.
Суҳбат сўнггида Ўзбекистонда бизнес ташкил этиш, инвестиция киритиш хусусида қўшимча маълумот ва маслаҳат олиш, ҳамкорлар топиш масалаларида Бош консулхона қизиққан томонларга барча керакли ёрдамни беришга тайёрлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
