Пенсильваниядаги чет эл фуқароларни вақтинча сақлаш марказида сақланаётган ватандошлар ҳолидан хабар олинди
Январ 29, 2026. 15:53 • 2 дақ
• 113
ВАШИНГТОН, 29 январь. /“Дунё” АА/. Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШдаги ўзбекистонлик дипломатлар Пенсильвания штатининг Мошаннон Воллей округидаги чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дипломатлар ушбу марказларда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан консуллик суҳбатлари ўтказиб, уларни сақлаш, овқатлантириш, саломатлиги ва бошқа маиший жиҳатларини ўрганди. Ватандошларга консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.
Марказда сақланаётган фуқароларнинг аксарияти уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича суднинг якуний қарори қабул қилингани, бунинг учун ҳужжатлар тайёрлиги, Ўзбекистоннинг консуллик муассасалари томонидан расмийлаштирилганини маълум қилган. Улар Ўзбекистон ҳимоясида эканининг тасдиғи бўлган дипломатларнинг ташрифи учун миннатдорлик билдирди.
Ҳозирда суд жараёнлари давом этаётган фуқаролар оиласини соғинганини билдириб, яқинлари бағрига тезроқ қайтиши учун амалий ёрдам сўради.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхонаси ўз ваколатлари доирасида фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш масалалари бўйича хорижий томонлар билан тегишли музокаралар ўтказишга, зарур ҳужжатларни тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Шу билан бирга, АҚШнинг иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, хориждаги Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор ўзлари бўлиб турган мамлакат ҳудудида қонуний яшаш, маҳаллий қонунчиликка қатъий риоя қилиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тийилиш тавсия этилади.
Зарурат туғилган тақдирда, Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари билан қуйидаги алоқа воситалари орқали боғланиш мумкин:
Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонаси Консуллик бўлими:
• Телефон: +1 (202) 887-5300
• Электрон почта: consul.washington@mfa.uz
Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси:
• Телефон: +1 (212) 754-7403
• Электрон почта: info@uzbekconsulny.org
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
